Муқаддам товламачилик жинояти учун судланган И.С. олган жазосидан тўғри хулоса чиқармади. Чунки у яна қинғир ишга қўл урди.
У фуқаролар Д.Қ. ва М.Р.ни танишлари ёрдамида Қўқон темир йўллари муҳандислик техникумига 2,2 минг АҚШ доллари эвазига ўқишга киритиб қўйишга келишиб, шундан 1,2 минг долларни олган.
Шу вақтда И.С. Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Қува тумани бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ашёвий далиллар билан ушланган.
Фуқаро А.А. бошқа бир фуқаро Р.Х.нинг ишончига кириб, уни танишлари ёрдамида қўшни Қирғизистон Республикасидаги университетнинг тиббиёт факультетига ҳеч қандай имтиҳонларсиз ўқишга киритиб қўйиш эвазига 1,8 минг АҚШ доллари олган. Шу вақтда у Департаментнинг Шаҳрихон тумани бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ашёвий далиллар билан ушланган.
Фуқаро А.Я. фуқаролар Г.А. ва К.Ў.га танишлари орқали тиббиёт коллежини тугатганлиги тўғрисида диплом олиб бериш эвазига 2,4 минг АҚШ доллари олган.
Бу шахслар Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Жиззах вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ушланган. Унинг кўрсатувига асосан давом этган тадбирда Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси бош услубчиси Б.А. пул олиб ашёвий далил билан қўлга тушган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
ЎзА