Япония пойтахти Токио шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги директори Беҳзод Мусаев ҳамда кунчиқар юртнинг “Proud Partners” компанияси директори Цузуки Рюжи ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Унда Японияда ишлаш истагини билдирган, B–C тоифали ҳайдовчилик гувоҳномасига эга 200 дан ортиқ номзод иштирок этган танлов натижалари муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, 166 нафар номзод “ўқиш + иш” дастурида иштирок этиш имкониятига эга бўлди. Шунингдек, томонлар 2026 йил учун ҳамкорлик режаларини белгилаб олишди. Жумладан, “ўқиш + иш” дастурлари ҳажмини кенгайтириш, номзодлар тайёргарлигини янада кучайтириш, Япония меҳнат бозори талабларига мос янги йўналишларни жорий этиш масалалари кўриб чиқилди.

Маълумот ўрнида: “ўқиш + иш” дастурида ўқиш муддати 6–8 ой бўлади. Ўқув дастурлари 2026 йил февраль ойидан бошланиши режалаштирилган. Номзодлар япон тилини чуқур ўрганиши ва белгиланган йўналишлар бўйича амалий машғулотларда иштирок этиши талаб этилади.

Мазкур курсларда ўқиш бепул бўлиб, узоқ ҳудудлардан келган номзодлар ётоқхона билан таъминланади. Ўқишни муваффақиятли якунлаган номзодлар Японияда расмий иш фаолиятини бошлайдилар.
Г.Сатторова, ЎзА