French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оқбўйро – экстремал спорт туризми маскани
14:45 / 2025-06-05

Самарқанд тумани Оқбўйро маҳалласи ҳудудидаги дам олиш масканида халқаро фаол ва экстремал спорт туризми фестивали ўтказилди.

Самарқанд вилоят туризмни ривожлантириш бошқармаси ва туман ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган фестиваль доирасида парапланда ва ҳаво шарида парвоз қилиш, авто-дрифт ва мото-дрифт шоулари, улоқ-кўпкари, миллий фольклор чиқишлари ва маданий дастурлар намойиш этилди.

Мазкур тадбирларда экстремал туризм ишқибозлари бўлган юртдошларимиз билан бирга Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Корея, Ҳиндистон каби мамлакатлардан 200 нафарга яқин иштирокчи қатнашиб, ўз маҳоратини кўрсатди. Миллий халқ ўйинлари бўйича мусобақалар уюштирилди.

Самарқанд тумани ҳокими С.Усмонов туманда туризмни ривожлантириш борасидаги ишлар йилдан-йилга кўлами кенгайган, маҳаллий ва хорижлик сайёҳларга янада қулай шароит яратилган ҳолда амалга оширилаётганини таъкидлади. Эндиликда туманнинг мазкур ҳудуди йилнинг барча фаслларида экстремал туризм билан шуғулланиш учун мўлжалланган жойга айланади.

Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 6 февралдаги қарорига кўра, Самарқанд туманининг Оҳалик, Оқбўйро ва Миронқул маҳаллалари ҳудудида умумий майдони 4656 гектар бўлган “Оҳалик – Оқбўйро – Миронқул” туристик-рекреацион зонаси ташкил этилди. Туристик зонани ривожлантириш ва бошқариш мақсадида туман ҳокимлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклидаги Туристик-рекреацион зонаси дирекцияси фаолияти йўлга қўйилган. Айни пайтда мазкур ҳудудда бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Самарқанд вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи А.Бобоев яқинда оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ташкил этилган матбуот анжуманида вилоятда туризмни ривожлантириш мақсадида ҳар ҳафта турли фестиваллар ўтказилишини маълум қилганди.  

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари.