Оқ уй Си Цзиньпин билан Зеленский учрашувини қўллаб-қувватлайди
Вашингтон ХХР раиси Си Цзиньпиннинг Владимир Зеленский билан алоқа қилишини қўллаб-қувватлайди, чунки Пекин Киевнинг Украина атрофидаги вазият бўйича фикрини эшитиши керак, деб баёнот берди душанба куни АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича ёрдамчиси Жейк Салливан.
Авалроқ Wall Street Journal ўз манбаларига таяниб ХХР раиси Владимир Зеленский билан онлайн-учрашув ўтказмоқчи, деб маълумот тарқатган эди. Бу учрашув катта эҳтимол билан Си Цзиньпин Москвага ташрифини якунлагандан кейин бўлиши мумкин, дейилади хабарда. Зеленскийнинг Си Цзиньпин билан мазкур учрашуви ўтган йил 24 февралдан кейинги илк мулоқоти ҳисобланади.
“Биз бундай алоқаларни қўллаб-қувватлаймиз ва раис Си Цзиньпинни бундай мулоқотларга чақирамиз. Бизнинг фикримизча, ХХР раиси нафақат Россия нуқтаи назарини, балки Украина нуқтаи назарини ҳам эшитиши керак. Шу боис, биз суҳбат бўлиб ўтишини қўллаб-қувватлаймиз”, – деди Салливан брифингда.