Мамлакатимизда гидроэнергетика соҳасида электр энергия ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш борасида самарали ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Хусусан, юртимизда гидроэнергетика соҳасига қаратилаётган улкан эътибор натижасида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ҳамда тизим таркибидаги электр энергия ишлаб чиқарувчи корхоналар олдига муҳим вазифалар қўйилиб, умумий гидроэнергетик қувват ҳажмини янада ошириш борасида амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, йилдан-йилга тизимда янги ГЭСларни қуриш, модернизация лойиҳаларини амалга ошириш ишлари ҳажми ортиб бормоқда. Бу, ўз навбатида, мамлакатимизда ГЭСлар сонининг ортишига, қайта тикланадиган электр энергия ишлаб чиқариш қувватлари ҳажмининг янада ошишига замин яратади.
Жорий йилнинг 29 август куни “Чирчиқ ГЭСлар каскади” унитар корхонаси таркибида модернизация қилинган “Оқ-қовоқ-1” ГЭС ишга туширилишига бағишланган тадбирнинг ўтказилиши ҳам бундай эзгу ишлар давомидир.

Тадбирни “Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқаруви раисининг ўринбосари Бекзод Амирсаидов ҳамда каскад раҳбари Абдурасул Шодмонов табрик нутқи билан очиб берди.
“Оқ-қовоқ-1” ГЭСининг аввалги ўрнатилган қуввати 34,7 МВтли бўлса, модернизация ишлари якунига етказилгандан сўнг 39,7 МВтга етказилди. Ушбу ГЭС бундан 80 йил олдин (1943 йилда) Чирчиқ шаҳрида ишга туширилган бўлиб, умумий қуввати 34,7 МВт бўлган 2 та агрегат ўрнатилган.
Лойиҳа қиймати 18,5 миллион АҚШ долларга тенг бўлиб, унинг 4,1 миллион АҚШ доллари “Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг ўз маблағлари ва 14,4 миллион АҚШ доллари эса Хитой Халқ Республикаси Эскимбанки кредити ҳисобига тўғри келади.
Модернизация ишлари ХХРнинг соҳада етакчи ташкилотларидан бири бўлган “CNTIC” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилди.
Янгиланган қувватлар орқали мазкур ГЭС Чирчиқ шаҳри аҳолиси ҳамда иқтисодий секторига 213,8 миллион киловатт соат электр энергия етказиб бериши кутилмоқда.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА