2026 йилнинг 11 июнь кунидан 19 июль санасига қадар АҚШ, Канада ва Мексиканинг жами 16 та шаҳрида футбол бўйича навбатдаги Жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Унда мундиал тарихида илк бор 48 мамлакат терма жамоалари иштирок этади.
Айни дамга келиб, Жаҳон чемпионатида иштирок этадиган 41 та терма жамоа номи аниқланди. Қолган 7 иштирокчи жамоалар 2026 йилнинг март ойида "ФИФА кунлари"да аниқланади.

Маълумки, 5 декабрь куни Вашингтон шаҳридаги Кеннеди номидаги Ижро санъати марказида мамлакатимиз вақти билан соат 22:00да мазкур дунё биринчилигига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади. Биз учун аҳамиятлиси, унда учинчи саватчадан жой олган Ўзбекистон терма жамоаси ўзининг рақибларини билиб олишидир.
Ушбу қуръадан аввал, “Opta” маркази суперкомпьютери келаси йилги мундиалда иштирок этадиган терма жамоаларнинг имкониятларига баҳо берди. Унга кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг тарихий жаҳон чемпионатида ғолиб чиқиш имконияти 0,2 фоизни ташкил қилди.
Чемпионатда энг юқори баҳо Испания терма жамоасига қўйилди. Суперкомпьютер ушбу терма жамоанинг ғолиб чиқиш имконияти 17 фоизга тенг экани, Франция миллий терма жамоаси 14,1, Англия термаси эса 11,8 фоиз ҳолатда мусобақада ғолиб чиқиши мумкинлигини айтган.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА