Президентимизнинг санъатнинг барча йўналишларини ривожлантиришга қаратилаётган эътибори натижасида театр жамоаларининг ижодий сафарларга чиқиш имконияти тобора кенгайди.
Aлишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри жамоаси томонидан жорий йилнинг 21-24 май кунлари Тожикистон Республикасининг Душанбе шаҳрига гастрол сафари амалга оширилмоқда.
Гастрол сафари Садриддин Айний номидаги Тожикистон давлат академик опера ва балет театри билан икки томонлама маданий ҳамкорлик юзасидан имзоланган меморандумга асосан ўзаро келишувга кўра тузилган дастур асосида ташкил этилди.
2022 йилнинг январь ойида Aлишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри директори, Ўзбекистон халқ артисти Рамиз Усмонов ҳамда Садриддин Айний номидаги Тожикистон давлат академик опера ва балет театри директори Камолиддин Сайфиддинзода ўртасида икки томонлама маданий алоқаларни йўлга қўйиш, икки давлат миллий опера ва балет санъатини ривожлантириш юзасидан ҳамкорлик меморандуми имзоланиб, икки давлат театрлари ўртасида ўзаро гастроллар алмашинувини ташкил этиш юзасидан келишувга эришилган.
Бугунги кунга қадар Тожикистон академик опера ва балет театрининг бир қанча етакчи солистлари Катта театрга таклиф этилиб, уларнинг Aлишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри саҳнасидаги ижроси ўзбек томошабинлари томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинган.
Гастрол сафари доирасида С.Айний номидаги Тожикистон давлат академик опера ва балет театри саҳнасида икки кун давомида театрнинг етакчи опера ва балет солистлари, симфоник оркестри, балет ва хор жамоалари иштирокида "Балет кечаси" ҳамда катта гала-концерт намойиши режалаштирилган.
Оркестрга Ўзбекистон санъат арбоби Фазлиддин Ёқубжонов ва Қорақалпоғистон халқ артисти Аида Абдуллаева бошчилик қилади.
Н.Усмонова, ЎзА