Мусиқа санъатимиз равнақи йўлида самарали ижод қилган устозлар хотирасини ардоқлаш бурчимиздир. Ана шундай заҳматкаш инсонлардан бири атоқли композитор, дирижёр, аксарият мусиқачилар учун устоз саналган ижодкор Мухтор Ашрафий эди.
Устоз мусиқачининг ижодий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш халқимиз ва ёшларнинг мусиқа санъатига доир билимларини бойитишга, санъатимиз фидойилари ҳақида кенгроқ тушунча беришга чорлайди.
Манбаларга кўра, устоз композитор 1912 йили Бухорода туғилган. 1929-1931 йиллар Самарқанддаги мусиқа, театр ва хореография институтида, сўнгра Москва консерваториясида таҳсил олиб, кейинчалик Ленинград консерваториясида ўқиди.
Қайд этилишича, Мухтор Ашрафий дастлаб, Тошкент консерваторияси профессори, директори, ушбу олий ўқув юрти ректори бўлиб ишлаган эди. Ашрафий чинакам заҳматкаш ўзбек бастакори ва мамлакатимиз мусиқий ҳаётидаги нуфузли шахслардан бири саналади. 1943-1947 йилларда у Навоий номидаги Тошкент опера ва балет театрига бошчилик қилади. 1964 йил Самарқандда худди шундай театрга асос солади.
Мислсиз хизматлари учун Ашрафий турли мукофот ва унвонлар билан тақдирларган. Опера санъатимизнинг асосчиси бўлган Мухтор Ашрафийнинг “Дилором”, “Севги тумори”, “Фарғонача” каби кўплаб мусиқий асарлари ҳамон юртимиз театрларида ижро этилаяпти.
Шу йилнинг 14-15 декабрь кунлари мамлакатимизда “Мухтор Ашрафийни хотирлаб” мавзусидаги маданий-маърифий тадбирлар ўтказилиши кўзда тутилган. Ушбу маърифий тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Маданий мерос агентлиги, Ўзбекистон давлат консерваторияси, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик катта театри ҳамкорлигида ташкил этилади.
Маънавий-маърифий тадбирлар доирасида “Дийдор” театр-студиясида Темур Зулфиқоровнинг “Насриддининг илк муҳаббати” асари асосида тожикистонлик режиссёр Барзу Абдураззоқов томонидан саҳналаштирилган “Капалак туши” спектакли намойиши бўлиб ўтади. Шунингдек, “Юлдузлари билан уй-музейга саёҳат” лойиҳасига старт берилади.
Мазкур лойиҳа Мухтор Ашрафий уй-музейи фаолияти билан батафсил танишиш имконини беради. Тадбирлар доирасида устоз композиторнинг кўплаб асарларидан намуналар мухлислар эътиборига ҳавола этилади. Ёш рассом Достон Рўзибоев асарлари кўргазмаси бўлиб ўтади. Маърифий тадбирлар устоз санъаткор таваллуд топган шариф шаҳар - Бухорода ҳам бўлиб ўтиши кўзда тутилмоқда.
Назокат Усмонова, ЎзА