Бухоро вилояти Жондор туманида 2025 йил “Open Budget” дастурининг 1-мавсум лойиҳалари доирасида аҳоли томонидан қўллаб-қувватланган навбатдаги иншоот фойдаланишга топширилди. Туманинг “Алели” маҳалла фуқаролар йиғини Алели қишлоғида ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун замонавий спорт зали барпо этилди.
Мазкур спорт залининг очилишида туман ҳокимлиги, вилоят спорт бошқармаси вакиллари, нуронийлар, ёшлар ҳамда қишлоқ аҳолиси иштирок этди. Ушбу лойиҳа аҳолининг ташаббуслари асосида шакллантирилган бўлиб, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, спорт билан шуғулланиш учун қулай шароит яратиш ва ҳудуд инфратузилмасини яхшилашга хизмат қилади.

Лойиҳанинг умумий қиймати 1 миллиард 390 миллион сўмни ташкил этади. Қурилиш ишлари “Зайниддин Ҳаловуддин” МЧЖ томонидан амалга оширилди. Спорт зали замонавий талаблар асосида қурилиб, турли спорт йўналишлари бўйича машғулотлар ўтказишга мўлжалланган. Иншоот ёшлар учун йил давомида мунтазам спорт билан шуғулланиш имконини яратади.

Янги спорт зали Алели қишлоғидаги ёшлар учун муҳим ижтимоий масканга айланади. Объект уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишига, оммавий спортни ривожлантиришга ва келажакдаги иқтидорли спортчиларни тайёрлашга хизмат қилади.


Аҳоли овози асосида танланган ва “Open Budget” дастури орқали молиялаштирилган бундай лойиҳалар туман инфратузилмасининг изчил ривожланишига сезиларли ҳисса қўшмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.