Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қопда картошка етиштираётган деҳқон
15:56 / 2020-04-21

Қарши шаҳридаги “Арабхона” маҳалла фуқаролар йиғинида 953 та хонадон мавжуд.


Мамлакатимизга кириб келган коронавирус пандемияси мисли кўрилмаган ташвишларни келтирган бир пайтда, томорқаларда етиштирилаётган мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари билан оиламиз фаровонлигини, дастурхонимиз тўкинлигини таъминлаш алоҳида аҳамиятга эга.

Қарши шаҳар давлат солиқ инспекцияси бошлиғи, тўртинчи сектор раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ аъзолари хонадонма-хонадон юриб аҳолига томорқадан фойдаланишнинг аҳамияти ҳақида тушунтириш ишларини олиб бормоқда.

Қарши шаҳридаги “Арабхона” маҳалла фуқаролар йиғинида 953 та хонадон мавжуд. Уларда 10 минг 223 киши истиқомат қилади. Бугун томорқаларда ер ағдариш, унга экин экиш ишлари авжида.

Шу маҳалланинг “Олтин тепа” кўчасида яшовчи Соҳиб Алпанов ҳам турмуш ўртоғи билан бирга ерга меҳр бериб, унга кўчат қадашга тайёрлади. Улар ҳар йили бозордан сотиб олинадиган 5-6 миллион сўмлик сабзавот маҳсулотларини томорқаларида етиштиради. Уй шароитида жундан ип йигириб, гилам тўқишади. Шундан рўзғор бут, оила тўкин.

– Бугун ишчи гуруҳ аъзолари билан хонадонларга кирар эканмиз, бир хонадонда парранда боқилаётгани, яна бир хонадонда сабзавот маҳсулотлари экилганига гувоҳ бўлмоқдамиз, – дейди Қарши шаҳар давлат солиқ инспекцияси бошлиғи, тўртинчи сектор раҳбари Камолиддин Султонов. – Бугун кирган хонадонларимизнинг айримларида экинларни суғориш учун сув масаласи муаммо бўлаётгани айтилди. Биз уларга экинларни томчилаб суғориш масаласида амалий ёрдам бермоқдамиз.

Изланган имкон топади деганларидек, Илёс Ражабов паррандачиликни даромад манбаи сифатида билади. У товуқ етиштириб сотади. Оила аъзолари ҳам шу юмуш билан банд. Ҳар йили ўртача 3 мингта товуқ сотади. Тахминан 15-20 миллион сўм рўзғорга даромад олиб келади.

Жўрабек Холматов Янгибоғ кўчаси 20 уйда истиқомат қилади. У қопларнинг ичига картошка уруғини қадади. Айтишича, ҳар бир қопдан ўртача 40-50 килограммдан ҳосил олишни режалаштирган. Шу вақтгача сув масаласида муаммо бор эди. Сектор раҳбари бу масалани ижобий ҳал этиш учун унга томчилатиб суғориш мосламасини ўрнатишга амалий ёрдам кўрсатди.

Серҳосил еримиз, даромад олишга томорқамиз бор экан, доимо ундан унумли фойдаланиб, хонадонларимизни обод, яшаш шароитимизни муносиб ҳолатга келтириш учун ҳаракат қилишимиз лозим. Муғжагул кўчаси 62 уйда яшовчи Жаҳонгир Ражабов ҳам бугун ерга ишлов бериб, уни кўчат экишга тайёрламоқда. Сектор раҳбари томонидан экиш учун кўчатлар берилди.

Маълумки, ерга кўчат қадашда баҳорнинг бир куни йилга татийди. Ишчи гуруҳ аъзолари бу борада фуқароларга керакли кўрсатмаларни бериб келмоқда.