Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Опасининг буйраги уни ҳаётга қайтарди
16:00 / 2023-07-04

Гулистон тумани Аҳиллик маҳалласида яшовчи Акромжон Маматқулов сўнги пайтда саломатлиги ёмонлашиб бораётганидан безовта эди. Кун сайин аҳвол, кутилгандек олдингамас, ортга қараб кетаётганлигидан сўнг хавотирга тушиб малакали мутахассисларга мурожаат қилди.

Зарур текширувлар натижасига кўра унга ўткир буйрак етишмовчилиги ташхиси қўйилди. Гулистон тиббиёт кластерининг нефрология ва гемодиализ бўлимига йўлланма берилди. Аммо, гемодиализ муолажалари ўз самарасини бермади. Шунда опаси Гулбаҳор Мухторова укасига бир буйрагини беришга қарор қилади.  

Шифокорлар хулосасидан сўнг, буйрак трансплантацияси билан боғлиқ жарроҳлик амалиёти ўтказилади. Ушбу амалиёт Гулистон тиббиёт кластерида В.Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассислари ҳамкорлигида муваффақиятли амалга оширилди.

Айни вақтда унинг саломатлиги яхши. Улар ўз уйида, фарзандлари олдида, шифокорлар назорати остида даво муолажаларини олмоқда.  

– Рости жондек жигарингни кундан-кунга сўлиб боришини кўргач, на кўзингга уйқу келаркан, на бир қултум сув томоғингдан ўтаркан, – дейди Гулбаҳор Мухторова. – Кўп ҳам ўйлаб ўтирмадим, укам, унинг гулдек фарзандлари кўз ўнгимдан ўтавергач, бир буйрагимни беришга қарор қилдим. Кўриб турганингиздек укам соғ-саломат. Опа учун ҳар нарсадан кўра жигарининг саломатлиги муҳимроқ. Бунинг учун шифокорларга раҳмат. Энг асосийси, ушбу харажатлар Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилди.  

Шуҳрат Суяров, ЎзА.