Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Опа-сингилларимизнинг тадбиркорлиги фаол қўллаб-қувватланмоқда
14:25 / 2026-01-21

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Бу жиҳатлар Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси фаолиятида ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда.

2025 йил давомида Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан маъсул вазирлик ва идоралар билан биргаликда оилаларни ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида муайян ишлар амалга оширилди.

Хусусан, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, бизнесини ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, оилалар даромадини ошириш мақсадида олиб борилган тизимли ишлар натижасида ўтган йилда 2,3 миллион нафар хотин-қизларни даромадли меҳнат билан таъминлашга кўмаклашилди ва 2024 йилга нисбатан бу кўрсаткич 2,4 бараварга ортди. Шундан, 735,7 минг нафар хотин-қизлар бўш иш ўринларига ишга жойлаштирилди.

Тегишли вазирлик ва банк тузилмалари билан биргаликда хотин-қизларни тадбиркорликка ўқиштишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Қўмита томонидан “Сайхунобод тажрибаси” асосида ҳудудий Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари орқали 100  минг 328 нафар хотин-қиз ўқувларга жалб этилди. Улардан ўқув курсларини якунлаган 96  минг 351 нафар хотин-қизга сертификатлар топширилди ва шундан 70 минг 793 нафар аёлнинг бандлиги таъминланди. Айниқса, тикувчилик, иссиқхона, гулчилик, томорқачилик, пазандалик, асаларичилик, қандолатчилик, чорвачилик, паррандачилик каби йўналишларда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича салмоқли ишлар олиб борилди.

187 минг нафар хотин-қизлар “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида ахборот технологиялари бўйича ўқитилди. Шу билан бирга, ўрмон ва қишлоқ хўжалиги соҳаси, гул, лимон, дарахт кўчати етиштирувчи, кўчат пайвандловчи, доривор гиёҳлар етиштиришга ёрдам кўрсатилди. Хонадонларда пиллачиликка имконияти бўлмаган аёлларнинг бандлигини таъминлашга амалий кўмаклашиш бўйича тизимли ишлар олиб борилди.

Савдо-саноат палатаси, Марказий банк, Давлат активларини бошқариш агентлиги билан  биргаликда “Аёллар корпоратив форуми” концепцияси ишлаб чиқилди.

1 минг 160 та маҳаллада Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказлари ишга туширилди. Марказлар фаолиятини янгича ёндашувлар асосида ташкил этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди. Таклифлар инобатга олинди ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 3 декабрь куни “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Бугунги кунда мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида тегишли ишлар олиб борилмоқда. 

Қўмита томонидан йил давомида 27 та халқаро ташкилотлар билан учрашувлар ташкил этилди. Кореянинг EXIM BANK (Экспортн-импорт банки)  ҳамкорлигида Қорақалпоғистон Республикасида аёлларни тадбиркорликка ўргатиш ва ўрганилган кўникмаларни амалиётда синаш марказини ишга тушириш учун тегишли тадбиркорлик лойиҳаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан 2026 йилда амалга ошириладиган истиқболли лойиҳалар рўйхатига  киритилди.

Жаҳон банки ва Япония ижтимоий ривожланиш жамғармасининг грант маблағлари иштирокидаги “Қишлоқ аёллари иқтисодий имкониятларини кенгайтириш” лойиҳаси доирасида жами 180 та “Аёллар фаровонлигини ошириш гуруҳлари” ташкил этилди. Дастур доирасида 1000 нафардан зиёд хотин-қизлар қамраб олинди.

Ушбу лойиҳа доирасида 800 га яқин хотин-қизлар тадбиркорлик фаолиятларини   бошлади. 175 нафар аёл иштирокидаги кичик корхоналар ташкил этилди. Ушбу корхоналарга жами салмоқли миқдорда молиявий маблағлар  тақдим этилди.

Россия, Корея, Германия, БАА, Ҳиндистон, Саудия Арабистони подшоҳлиги, Қозоғистон, Америка Қўшма Штатлари, Латвия давлатлари билан онлайн, Корея, Туркия, Россия Федерацияси давлатлари билан офлайн сайёр қабуллар ташкил этилди. Натижада 1 минг 210 нафар оғир ижтимоий вазиятда қолган аёлларга амалий ёрдам берилиб, Ватанга қайтарилишига кўмаклашилди.

Ўзбекистон фуқаролари кўп бўлган Сеул шаҳрида “Опа-сингиллар” жамоат ташкилоти кенгаши ташкил этилди. Иккинчи Ўзбекистон-Хитой ҳудудлараро форуми доирасида “Ўзбекистон-Хитой инновация ҳамда тадбиркорлик бўйича ҳамкорлик" халқаро аёллар форуми ўтказилди.

БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси ҳамкорлигида оилаларда, хотин-қизлар ўртасида ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш масалаларида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти хотин-қизлар фаоллари ва Тарғибот гуруҳининг 1000 нафар аъзолари учун ўқувлар ташкил этилди. 

БМТ Тараққиёт дастурининг “Марказий Осиёда зўравон экстремизмнинг олдини олиш мақсадида барқарор жамоаларни қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси доирасида Андижон, Наманган, Фарғона, Сурхондарё вилоятларида 200 нафар маҳалла хотин-қизлар фаоллари учун ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) томонидан “Зўравонлик содир этган ёки унга мойил шахснинг зўравон хулқ-атворини ўзгартириш бўйича коррекцион дастурини амалга ошириш методикаси” йўналишида Тошкент, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги 200 нафар маҳалла хотин-қизлар фаоллари учун ўқувлар ташкил этилди.

Хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида тижорат банклари томонидан 380 минг  687 нафар хотин-қизларнинг тадбиркорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун керакли миқдорда кредит маблағлари  ажратилди. Тадбиркорлик қилиш истагидаги хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш натижасида ўтган йилда 50 минг нафар аёл янги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтди.

Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида 140 нафар лидер тадбиркор аёллар иштирокида “Аёл, бизнес, инновация” мавзусида ўқув-семинар ташкил этилди. 108,1 минг нафар эҳтиёжманд хотин-қизлар лидер тадбиркорларга бириктирилиб, даромад топиш имконияти кенгайтирилди.

Хотин-қизларни уй меҳнати билан таъминлайдиган 12 минг 505  нафар лидер тадбиркор аёлларнинг манзилли рўйхати шакллантирилди. Фаолият турларига кўра гуруҳларга бўлинди ва уларга хонадонларда уй меҳнати билан шуғулланадиган 108 минг 108 нафар хотин-қизнинг ҳудудлар кесимида бириктириш орқали даромад олиш имконияти оширилди. Жумладан, опа-сингилларимиз тикувчилик, ҳунармандчилик, уй шароитида ярим тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрлаш, гул кўчатларини парваришлаш ва сотиш, миллий дўппилар тикиш, асаларичилик, пойабзал ва ўйинчоқлар ишлаб чиқиш, рўмол тўқиш ҳамда заргарлик йўналишларига бириктирилди.

Хонадонларда аёлларимизнинг тадбиркорлик ғояларини қўллаб-қувватлашга оид 4 минг 201 та кичик ишлаб чиқариш цехлари ташкил этилди. Қўмита мутасаддиларининг ҳудудларга ташрифи чоғида 632 нафар аёллар раҳбарлик қилаётган тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан мулоқот учрашувлари ташкил этилди. 

Бунда тадбиркорларнинг муаммолари батафсил ўрганиб чиқилиб, уларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди. Бу борадаги барча саъй-ҳаракатлар  опа-сингилларимизнинг меҳнат бандлигини таъминлашдек эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда. 

Назокат Усмонова,

ЎзА мухбири