ООК 46-Бош Ассамблеясига тайёргарлик ишлари муҳокама қилинди
Жорий йилнинг 26 январь куни Тошкент шаҳри Осиё олимпия кенгашининг (ООК) 46-Бош Ассамблеясига мезбонлик қилади. Мазкур нуфузли анжуманни юксак даражада ташкил этиш мақсадида мамлакатимизда кенг кўламли тайёргарлик ишлари амалга оширилмоқда.
Бугун Спорт вазирлигида ушбу жараёнларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг спорт бўйича вакили Одил Абдураҳмонов, спорт вазири Адҳам Икромов ва Миллий олимпия қўмитаси раҳбарияти иштирок этди.

Учрашув давомида Осиё қитъасидаги 45 мамлакат Миллий олимпия қўмиталари вакиллари, шунингдек, қатор халқаро ташкилотлардан ташриф буюрадиган нуфузли меҳмонларни муносиб кутиб олиш бўйича ташкилий масалалар кўриб чиқилди.
Транспорт-логистика тизимини такомиллаштириш, меҳмонларни жойлаштириш ва виза масалаларини ҳал этиш ҳамда тадбир кун тартибини ООК вакиллари билан якуний мувофиқлаштириш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди, дея хабар бермоқда МОҚ матбуот хизмати.


Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА