Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қонунчиликдаги ислоҳотлар аҳолининг одил судловга бўлган ишончини оширади
17:30 / 2020-05-21

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, эркинликларини таъминлаш борасида бир қатор қонунларга ўзгартиришлар киритилиб, бу борадаги ҳуқуқий асослар янада такомиллаштирилмоқда.


Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, эркинликларини таъминлаш борасида бир қатор қонунларга ўзгартиришлар киритилиб, бу борадаги ҳуқуқий асослар янада такомиллаштирилмоқда.

Албатта, инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган бу ислоҳотлар жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам катта қизиқиш билан ўрганилиб, сиёсий майдондаги давлат имиджини шакллантиришда ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Президентимиз томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига жиноят процессида иштирок этувчи фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишни кучайтиришга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун ҳам фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасидаги манфаатларини ҳимоя қилиш учун хизмат қилади.

Мазкур қонун талабларига мувофиқ, эндиликда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари жиноят иши бўйича гумон қилинувчи ва айбланувчига нисбатан ушлаб туриш, қамоққа олиш, уй қамоғи ёки экспертиза ўтказиш учун шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чоралари қўллаган тақдирда бу ҳақда уларнинг оила аъзоларига, улар бўлмаган тақдирда эса бошқа қариндошларига ёки яқин кишиларига хабар бериши, шунингдек, бу ҳақда иш ёхуд ўқиш жойига маълум қилиши шарт.

Хўш, дарҳол хабар берилиши инсон учун нима беради? Гумон қилинувчи тергов учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига олиб келинган биринчи дақиқаларда руҳий босим остида қолиши, кучли ҳаяжон остида бўлиши табиий. Орган ходимлари учун ҳибсга олишнинг биринчи дақиқалари қанчалар муҳим бўлса, гумонланувчи учун бу вақт қўрқинчли ҳолат. Шунинг учун ҳам яқинлар ёки оила аъзоларига қўнғироқ қилиб, хабар берилиши нафақат оила аъзоларининг асоссиз хавотирланишининг олдини олишга, балки гумонланувчининг руҳий босим остида қолиши оқибатида нотўғри кўрсатмалар берилишининг олдини олишга хизмат қилади. Жуда кўп ҳолатда айбланувчилар илк кўрсатмаларини суд жараёнида ўзгартиришган. Кучли руҳий босим остида мажбурий кўрсатма беришгани тўғрисидаги иддаолар ҳам учраб туради. Қонуннинг кучга кириши эса бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган.

Бундан ташқари, қуйидаги процессуал ҳаракатлар – ўта оғир жиноятлар бўйича ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш, тинтув, кўрсатувларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш, тергов эксперименти, шахсни ушлаш, ҳимоячидан воз кечиш, шахсни ушлаш жараёнида ўтказиладиган шахсий тинтув ва олиб қўйиш видеоёзув орқали қайд этилиши шарт, деб белгиланди. Амалиётда шахсни ушлаш чоғида видеоёзув воситаларини қўллаш имкони бўлмайдиган турли вазиятлар бўлиши мумкинлиги инобатга олиниб, қонунда ушлаб туришни видеоёзув орқали қайд этишнинг мажбурийлигини белгиловчи қоидага истисно ҳолатлар ҳам киритилди. Яъни, шахсни ушлаш, шахсий тинтув ва олиб қўйишни ўтказишнинг кечиктириб бўлмайдиган ҳолатларида (жиноят содир этилган жойда шахсни ушлаш, қидирувда юрган шахсни ушлаш ва ҳ.к.) уларни видеоёзув орқали қайд этмасдан ўтказишга йўл қўйилади. Бундай ҳолларда ваколатли шахс ушлаб турилган шахс яқин орадаги ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга олиб келинганидан сўнг видеоёзувдан фойдаланган ҳолда унинг процессуал ҳуқуқларини мажбурий тартибда тушунтиради.

Юқорида келтирилган қонун кучга кириши орқали амалиётда юзага келаётган кўплаб тушунмовчиликлар ҳамда норозиликларнинг олди олинади. Бу эса, ўз навбатида фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончи ортишига, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан берилаётган шикоятларнинг камайишига олиб келади.

Шоҳиста ТУРҒУНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси