Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қонунчилик пандемияга тайёр эдими?
11:35 / 2020-04-18

Пандемияга қарши курашишда “карантин”, бошқача айтганда, “чекловчи тадбирлар” ўрнатилди. Бунда киши бошқа одамлар билан алоқани чеклаши зарур бўлган “ўзини яккалаш”чораси ҳам қўлланилмоқда.

Пандемияга қарши курашишда “карантин”, бошқача айтганда, “чекловчи тадбирлар” ўрнатилди. Бунда киши бошқа одамлар билан алоқани чеклаши зарур бўлган “ўзини яккалаш”чораси ҳам қўлланилмоқда.

Бу чоралар ҳозирги мураккаб вазият тақозоси туфайли қабул қилинди. Лекин айримлар бунинг ҳуқуқий асоси йўқлиги ҳақида гапирмоқда.

Маълумки, қонунлар инсонларнинг хавфсиз, фаровон ҳаёти ва осойишталигини таъминлашга хизмат қилади. Бугун жорий этилаётган ҳолатларни аввал учратмаганимиз учун ҳам бу борадаги қонунчилик ҳақида кам сўз юритилган. Шунинг учун ҳам улар билан кўпчилик таниш эмас.

Аслида эса эпидемиологик вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича ҳам ҳуқуқий асос яратилган. Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги қонуни шу мақсадга хизмат қилади.

“Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги қонуннинг 30-моддаси эпидемияга қарши юқумли ва паразитар касалликлар ўчоқларида ўтказиладиган чора-тадбирлар, дезинфекция тадбирлари ва мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш каби бир қатор тадбирларни ўз ичига олган.

Шунингдек, қонунда юқумли ва паразитар касалликларнинг пайдо бўлиш ёки тарқалиш хавфи юзага келган тақдирда Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тегишинча Бош давлат санитария врачи ва жойлардаги тизимлари ҳудудларда ёки объектларда белгиланган тартибда чекловчи тадбирлар (карантин) жорий этиши мумкин.

Ушбу қонуннинг 2-моддасига мувофиқ, чекловчи тадбирлар (карантин) — юқумли ва паразитар касалликлар тарқалишининг олдини олишга қаратилган. Хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятнинг алоҳида тартибини, аҳоли, транспорт воситалари, юклар ва (ёки) товарлар ҳаракатланишининг чекланишини назарда тутадиган маъмурий, тиббий-санитария чора-тадбирлари ва бошқа чора-тадбирлар ҳисобланади.

Демак, айтишимиз мумкинки, мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кураш чора-тадбирлари ўзининг қонуний асосига эга.

Шу ўринда Республика санитария-эпидемиология хизмати тизими ҳақида ҳам тўхталиб ўтиш лозим. Мамлакатимизда амалга оширилаётган янгиланиш ушбу тизим фаолиятида кузатилади.

Президентимизнинг 2019 йил 9 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси санитария-эпидемиология хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигини ташкил этилди.

Тизимдаги бу ўзгаришгача Соғлиқни сақлаш вазирлигининг санитария-эпидемиология назорати хизматифаолият юритиб, хизмат томонидан давлат санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш функциялари ушбу соҳада рухсат бериш ва назорат функциялари билан бирга амалга оширилиб келинар эди. Битта давлат органи доирасида бир вақтнинг ўзида иккита функциянинг бажарилиши Ўзбекистон Республикаси санитария-эпидемиология хизмати фаолияти самарадорлигини таъминлашга тўсқинлик қилувчи тизимли муаммолар юзага келишига олиб келди. Юқоридаги фармон билан давлат санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги вазифаси сифатида белгиланди. 

Бугунги кунда республикамизда коронавирусга қарши олиб борилаётган чора тадбирларда бу икки давлат органининг самарали ҳамкорлигини кўришимиз мумкин.

Пандемия шароитида нафақат халқ балки бизнинг қонунларимиз ҳамсиновдан ўтмоқда. Бунда қонунларимизнинг ҳаётимиздаги кескин, кутилмаган ўзгаришларга жавоб бераолиши, амалийлиги ва мукаммаллиги синалади. Қонунчиликни такомиллаштириш йўналишлари янада аниқроқ намоён бўлади.

Коронавирусга қарши кураш жараёнида тўпланган тажриба “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги қонунни қайта кўриб чиқишни ҳам тақозо қилмоқда.

Қонуннинг 3-моддасида асосий тушунчаларбериб ўтилган бўлиб,санитария-эпидемиологик вазиятга — аҳоли яшаётган муҳитининг ва соғлиғининг муайян ҳудуддаги, кўрсатилган аниқ вақтдаги ҳолати, сифатида таъриф бериб ўтилган. Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил

27 октябрдаги қарори билан тасдиқланган “Техноген, табиий ва экологик тусдаги фавқулодда вазиятларнинг Таснифи”да эса эпидемия тушунчасига қуйидагича таъриф берилган: “эпидемия — алоҳида хавфли инфекцияларга тегишли бўлмаган, юқиш манбаи битта ёки юқиш омили бир хил бўлган одамларнинг гуруҳ бўлиб юқумли касалланиши, бир аҳоли пунктида — 50 киши ва ундан ортиқ”.

Кўриниб турибдики, эпидемиологик вазиятга берилган таъриф мукаммал эмас. Чунки,эпидемиологик вазият дейиш учун уни аҳоли ўртасида тарқалиш кўрсаткичи, мезони бўлиши керак. Таснифда келтирилган “бир аҳоли пунктида — 50 киши ва ундан ортиқ”, деб кўрсатилган мезон ҳамбаҳсли. Чукнки аҳоли пункти тушунчаси жуда кенг.

Шунингдек, “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги қонунда пандемия тушунчасини ҳам бериш, пандемияни эпидемиядан фарқини кўрсатиш лозим.

Қонуннинг 17-моддасидафуқароларнинг аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланган. Бироқ, бу ҳуқуқ ва мажбуриятлар умумий тарзда берилган бўлиб, ҳозирги шароитда келиб чиқадиган бўлса ҳуқуқ ва мажбуриятларни янада кенгроқ кўрсатилиши фойдадан ҳоли бўлмайди. Масалан, санитария-ғэпидемиологик вазиятларда ўз соғлиғи ҳимоя қилинишини талаб қилиш ҳуқуқини белгилаш. Фуқароларга ўзида эпидемиологик ва юқумли касаллик аломатларини сезса, тиббий муассасаларга мурожаат этиш мажбуриятини белгилаш аҳоли осойишталигини таъминлашга хизмат қилади.

Қонунларнинг самарадорлиги кўп жиҳатдан фуқароларнинг қонунларни билиши ва унга оғишмай риоя этишига боғлиқ. “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги қонун айтиш мумкинки, бугунги кунда оммавий ахборот воситаларида энг кўп тилга олинаётганқонунларимиздан бирига айланди. Қонуннинг мазмуни ва аҳамиятини аҳоли орасида янада кенгроқ тарғиб қилиш мақсадга мувофиқ. Ушбу қонун талабларини чуқур ўрганиш ва унга риоя этиш коронавирусни енгишга ёрдам беради.

Матлуба Мирзаабдуллаева,
Тошкент давлат юридик
университети доценти.