Қонун ҳужжатлари ижросининг ягона амалиёти ва мониторинги жорий этилади
Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида 1991-2015 йилларда 60 мингта қонун ҳужжати жойлаштирилган бўлса, охирги 3 йилда 13 минг ҳужжат жойлаштирилган.
Қарор ва ижро
Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида 1991-2015 йилларда 60 мингта қонун ҳужжати жойлаштирилган бўлса, охирги 3 йилда 13 минг ҳужжат жойлаштирилган.
Кейинги бир йил ичида эса фақат тадбиркорлик соҳасида 400 га яқин, инвестиция соҳасида эса 300 тадан ортиқ қонун ҳужжати қабул қилинган.
Бу ҳужжатлар мазмун-моҳиятида катта-катта мақсад ва ғоялар илгари сурилган, албатта. Аммо қабул қилинаётган барча қонун ҳужжатлари ижроси тўлиқ таъминланяптими?
Бу саволга юз фоиз ижобий жавоб бериш мушкул. Чунки қоғозда қолиб кетаётган ҳужжатлар йўқ эмас. Ҳужжатлар тегишли идора ва ташкилотларга етиб боряпти-ю, ижрога келганда унга панжа орасидан қараш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу ижро механизмидаги айрим кемтикликлар билан боғлиқ.
Президентимизнинг 2019 йил 2 ноябрдаги “Ҳуқуқий мониторингнинг замонавий механизмлари асосида қонун ҳужжатлари ижросининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори шу йўналишда учраётган камчиликларга барҳам беришга қаратилган.
Адлия вазирлигида мазкур қарорда белгиланган вазифалар бажарилишини таъминлаш билан боғлиқ ташкилий чора-тадбирларни белгилаш бўйича йиғилиш ўтказилди.
Адлия вазири Русланбек Давлетов Президентимиз қабул қилинган қонун ҳужжатларининг ижроси юз фоиз таъминланиши бўйича талаб қўйганини таъкидлади.
Сир эмас, амалда қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини тушунмаслик уларнинг ижроси сифатсиз таъминланишига олиб келмоқда.
Шу сабабли эндиликда жорий этилган янги тартиб бўйича ҳар бир идора ўзининг фаолиятига тааллуқли бўлган қонун ҳужжатларининг ижросини мониторинг қилади.
Ҳуқуқий мониторингнинг асосий вазифалари нималардан иборат?
Бу саволга жавоб беришдан олдин ҳуқуқий мониторинг объектига нималар киришини аниқлаб олсак. Булар Конституция, қонунлар, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорларидир.
Ҳуқуқий мониторинг ўтказиш жараёнлари шартли равишда уч босқичга бўлинади: ҳуқуқий мониторинг ўтказиш режасини шакллантириш ва тасдиқлаш; ҳуқуқий мониторинг ўтказиш; ҳуқуқий мониторинг натижалари.
Демак, янги тартиб бўйича ҳар бир идора ўзининг фаолиятига тааллуқли бўлган қонун ҳужжатлари қабул қилиниши билан уларни ижрога қабул қилиб олади. Бу билан чекланмай ижросини назоратга олади. Ижрога масъул шахслар белгиланиб, ижро жараёни мониторинги юритилади. Қонун ҳужжати ижроси таъминлангани сарҳисоб қилиниб, тегишли тартибда ҳисобот тақдим этади.
Адлия вазирлиги бу боради давлат бошқаруви органларининг ҳуқуқий мониторингни ўтказиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича махсус ваколатли орган этиб белгиланди.
Шу тариқа қонун ҳужжатлари ижросининг ягона амалиёти жорий этилади. Бу ҳуқуқий ҳужжатларнинг қоғозда қолиб кетмай тўлиқ ижро этилиши, амалда ислоҳотлар самарадорлиги таъминланишига замин яратади.
Давлат органлари, идора ва ташкилотлар масъул ходимлари иштирок этган тадбирда қарор юзасидан берилган саволларга жавоблар қайтарилди.