Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қонун лойиҳаси қўллаб-қувватланишини битта овоз ҳал қилди
12:02 / 2020-08-21

Парламент қуйи палатасидаги ЎзХДП фракцияси йиғилишида яна бир қонун лойиҳаси қизғин муҳокама этилди.


Парламент қуйи палатасидаги ЎзХДП фракцияси йиғилишида яна бир қонун лойиҳаси қизғин муҳокама этилди. «Халқ депутатлари Кенгашлари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси ҳақида қарама-қарши фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Қонун лойиҳаси жорий йилга мўлжалланган Давлат дастурининг 15-банди бўйича ишлаб чиқилган. Маҳаллий Кенгашларнинг назорат фаолияти кучайтирилиб, ҳоким, унинг ўринбосарлари, прокуратура, адлия, ички ишлар ва соғлиқни сақлаш идоралари раҳбарлари уларнинг олдида ҳисобдорлиги белгиланган. Аммо ҳисобдорликни амалда таъминлашга асос бўладиган тартиб ўрнатилмагани кутилган натижани бермади. Қонунга битта қоидани ёзиб қўйиш осон, лекин у қандай амалга ошиши ҳақида қайғурмаслик, ислоҳот чалалигига олиб боради.

Шу вақтгача маҳаллий Кенгаш иши ҳокимликларнинг аппарати томонидан амалга ошириларди. Йиллар давомида бу муаммо кузатилар, аммо амалда ҳеч қандай чора кўрилмади. Ана шу оддий омил ҳам маҳаллий Кенгаш депутатларининг эркин фаолият юритишига, халқ вакили сифатидаги мақомини тушуниб етишига халақит қилаверди.

photo_2020-08-21_12-42-00.jpg

Ҳудудларни ривожлантиришда, келажакни ўйлаб қарорлар қабул қилишда депутатларнинг иштироки сезилмади, овози деярли эшитилмади. Бу борадаги тизимли камчиликларни қонун йўли билан тузатиш, депутатларнинг эмин-эркин, сайловчилар олдида масъулиятли бўлиб фаолият юритишига шароит яратилиши Халқ демократик партиясининг принципиал мақсадларига мос келади.

Гап шундаки, қонун лойиҳасига кўра, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши фаолиятига ташкилий, техник ва бошқа жиҳатлардан хизмат кўрсатиш вазифасини ҳокимликлар аппаратидан тегишли халқ депутатлари Кенгаши котибияти зиммасига ўтказиш, котибият юридик шахс ҳисобланиши ва унинг фаолияти тегишли маҳаллий бюджет ҳисобидан молиялаштирилиши белгиланяпти.

Котибият тузилмаси, штатлари, ходимларининг меҳнат ҳақи миқдори 
ва моддий-техника таъминоти, шунингдек, уларнинг ишлаши учун зарур харажатлар халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланиши назарда тутиляпти.

Депутатларнинг таъкидлашича, маҳаллий Кенгаш Котибияти давлат герби ва ўз номи туширилган муҳри ҳамда бланкига эга бўлиши депутатлар ўзларининг ҳокимликдан айри, алоҳида орган вакили эканини ҳис этишида катта аҳамиятга эга бўлади.

Котибиятнинг намунавий низоми ва намунавий тузилмаси Олий Мажлис Сенати Кенгаши томонидан тасдиқланиши демократик принциплар ҳурмат қилинишига хизмат қилади.

ЎзХДП фракцияси аъзолари бу ўзгаришларни қўллаб-қувватлаш билан бирга, яқин истиқболда маҳаллий Кенгашлар фаолияти учун янада кенгроқ, халқаро тажрибага ҳар томонлама мос келадиган шароит яратилиши мақсадга мувофиқ бўлишини алоҳида таъкидлашди.

Янги ташкил этилиши кўзда тутилаётган маҳаллий кенгаш Котибияти барибир амалда ҳокимият таъсирида қолиши эҳтимоли жуда юқори. Бу ўзгартириш қарорлар қабул қилиш жараёни ва сифатига сезиларли таъсир кўрсатиши, депутатлар ва ҳокимлик ўртасидаги муҳитни ўзгартириши қийин экани таъкидланди.

Қонун лойиҳасига овоз бериш жараёни муҳокамаларга ўхшаб муросасиз кечди. Ёқлаб овоз берганлар биттага кўплиги учун лойиҳа фракция томонидан маъқулланди.

Фракция йиғилишида, шунингдек, «Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмаси тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамадан ўтказилди. Лойиҳани Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат 
қўмитаси ишлаб чиққан. Маълум қилинишича, ушбу ҳужжат билан «Геодезия ва картография тўғрисида»ги қонунга (янги таҳрирдаги) қўшимча равишда фазовий маълумотларни яратиш ва улардан фойдаланишда ҳуқуқий, иқтисодий, бошқарув механизми яратилишига асос бўлади.

Депутатлар геодезия ва картографияга оид маълумотлар аниқ бўлиши, асосийси, тезкор янгиланиб борилиши жуда муҳим масала эканини таъкидлаб, қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қўллаб-қувватлади.

Халқ демократик партияси
Ахборот хизмати