Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Монополияга қарши курашиш қўмитаси мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Матбуот анжуманида қайд этилишича, товар ва молия бозорларида рақобатни янада ривожлантириш, янги иштирокчиларни эркин кириб келишини таъминлаш мақсадида тадбиркорлар учун 185 турдаги лицензия ва рухсат бериш тартиб-тамойиллари қисқартирилди ёки соддалаштирилган.
Монополиялар, шу жумладан табиий монополияларнинг 6,7 мингдан ортиқ турли рақобатга зид ҳаракатлари бартараф этилди, натижада 42 мингга яқин тадбиркорларнинг 554 миллиард сўмлик манфаатлари ҳимоя қилинди.
Давлат органларининг, шу жумладан маҳаллий ҳокимият органларининг 3,2 мингдан ортиқ турли рақобатга зид қарорлари бекор қилинди.
Бугунги кунда янги таҳрирдаги “Рақобат тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ушбу ҳужжатда “Рақобат тўғрисида”ги ва “Табиий монополиялар тўғрисида”ги қонунлар бирлаштирилди. Янги қонун лойиҳаси 9 та боб, 52 та моддадан иборат.
Матбуот анжуманида журналистлар яқинда Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги “Online Mahalla” ахборот тизимини яратиш учун 8,4 миллиард сўм ажратгани бўйича мутахассисларга юзланди.
Нега онлайн платформа 8,4 миллиард сўм ажратилгани, “Online Mahalla” платформасини ишлаб чиқиш учун IT-компанияни тендер ўтказмасдан, истисно тариқасида тўғридан-тўғри танлаш ҳақидаги Вазирлар Маҳкамаси қарори нега очиқ эълон қилинмагани бўйича савол берилди.
– Бу жараён қонунчилик билан тақиқланмаган, яъни “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг 71-моддасига кўра, Президентда, ҳукуматда шундай ваколатлар бор, – дейди Монополияга қарши курашиш қўмитаси департамент директори Мирзоҳид Комилов. — Бу ваколатлардан фойдаланган ҳолда жамият, давлатнинг ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга молик ишларини амалга оширишда тўғридан-тўғри харидларга рухсат берилади. Статистик маълумотларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2021 йилда тўғридан-тўғри харидлар сони жами харидларнинг 50 фоиздан юқорисини ташкил қилади. Жорий йилнинг 9 ойлик якунлари бўйича тўғридан-тўғри харидлар 50 фоиздан кўпроқни ташкил қилмоқда.
Жами давлат харидларининг ярмидан кўпи тўғридан-тўғри харидларга тўғри келишининг бошқа сабаби ҳам бор. 2018 йил 27 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорида 44 дан зиёд товарлар рўйхати белгиланган.
Мазкур рўйхатларга киритилган товарларнинг оператив равишда харидларини амалга ошириш учун тўғридан-тўғри харид қилишга рухсат берилган. Қолаверса, республикамиз ҳудудида ишлаб чиқарувчилар ва ягона етказиб берувчилар реестри юритилади. Мана шу давлат реестрига киритилган тадбиркорлардан ҳам тўғридан-тўғри харидлар амалга оширилган.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА