Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Онлайн турнирда Жавоҳир Синдоров ФИДЕ рейтинг етакчисини мағлуб этди
10:25 / 2026-02-25

Шахмат бўйича ҳафтанинг ҳар сешанбасида дунёнинг энг кучли гроссмейстерлари, халқаро тоифага ва тегишли разряд унвонига эга “ақл гимнастикаси” соҳиблари ўртасида ташкил этиладиган “Titled Tuesday” онлайн турнири ҳамиша минг-минглаб ишқибозлар гувоҳлигида зўр ҳаяжон билан бўлиб ўтади.

Бу сафарги, яъни кеча ўтказилган мусобақалар ҳар қачонгидан ҳам қизиқарли кечди.

Турнирда юзлаб қуйи даражага эга шахматчилар сафида айни пайтда ФИДЕ рейтингида етакчилик қилаётган Магнус Карлсен, Максим Вашье-Лаграв, Фабиано Каруана, Хикару Накамура, Жан-Крзйсзтоф Дуда, Аржун Эригайси каби кучлилар сафида Ўзбекистон терма жамоасининг бир қатор аъзолари ўз маҳоратини намойиш этди.

11 та турдан иборат блиц мусобақаларида маҳоратли шахматчиларимиздан Жавоҳир Синдоров, Шамсиддин Воҳидов ва Муҳаммадзоҳид Суяров энг яхши кўрсаткичларни қайд этди.

Ўтган йилги жаҳон кубоги ғолиби, шу кунларда "Номзодлар турнири"га ҳозирлик кўраётган Жавоҳир Синдоров турнир давомидаги ўйинлар сарҳисобига кўра, 9 очко жамғарган ҳолда қўшимча кўрсаткичлар эвазига 6-ўринни эгаллади.

Жавоҳирнинг ўтказилган турлар давомида таниқли шахматчилардан  Магнус Карлсенни мағлуб этгани “Titled Tuesday” онлайн турнирининг энг шов-шувли натижаларидан бири бўлди.

Мусобақалар давомида истеъдодли шахматчиларимиздан Ш.Воҳидов 9 имкониятдан 6 очко жамғарди. М.Суяров эса 9 имкониятдан 5,5 очкони қўлга киритди.

Турнирда 9,5 очкога эга бўлган франциялик Максим Вашье-Лаграв ғолибликни тантана қилди. 2-ўрин полшалик Жан-Крзйсзтоф Дудага тегишли бўлди. 3-7-поғоналардан жой олган иштирокчилар турнирни 9 очко билан якунлади. Улар қаторидан Синдоров ҳам жой олди.

Т.Рўзиев, ЎзА