Айни пайтда Олий Мажлис Сенатининг йигирма иккинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирмоқда.
Мажлисда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ҳудудларни ривожлантириш ҳақидаги ҳисоботи эшитилди.
Ҳисоботда қайд этилганидек, Тошкент шаҳрини ҳар томонлама ривожлантириш борасида муайян ишлар амалга оширилди. Жумладан, жорий йилнинг тўққиз ойи давомида шаҳар бўйича ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 87,8 триллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 114,1 фоизга ўсган. Аҳоли жон бошига нисбатан ялпи ҳудудий маҳсулот 31,2 миллион сўмдан ортиқни ташкил этган.
Бектемир, Мирзо Улуғбек, Олмазор, Сергели, Учтепа, Чилонзор, Юнусобод, Яккасарой туманларидаги 8 та кичик саноат зонасида 1 триллион 237,3 миллиард сўмлик 582 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 239,2 миллиард сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилган.
Бектемир, Учтепа, Шайхонтоҳур, Яшнобод, Янгиҳаёт туманларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қабул қилинган қарорлар доирасида саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларида умумий қиймати 6,8 триллион сўмлик 120 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилиб, 11 мингга яқин янги иш ўринлари яратилган. Жами 911,9 миллион доллар миқдорида маҳсулотлар экспорт қилиниб, режа 137,2 фоизга бажарилган, экспорт географияси 80 га яқин мамлакатни қамраб олган.
Ички ва ташқи бозорларда талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурига асосан 221 та лойиҳа доирасида 2 триллион 946,6 миллиард сўмлик янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилган ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,5 баробарга ошган.
Ҳоким ҳисоботида “Рақамли Тошкент” дастури доирасидаги ишлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди. Мазкур дастур доирасида географик ахборот-таҳлил тизими – Геопортал жорий қилиниб, унга вазирлик ва идораларнинг 30 дан ортиқ ахборот тизимлари интеграция қилинган. Шунингдек, шаҳар инфратузилмаси ва давлат хизматлари сифатини таъминлаш бўйича фаол жамоатчилик назоратини олиб борувчи “Халқ назорати” портали ва унинг мобил иловаси ишга туширилган. Портал орқали фуқаролардан келиб тушган 3 мингдан ортиқ муаммоли масаланинг 2 мингдан зиёди ижобий ҳал этилган.
Ҳисоботда Тошкент шаҳрини ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар билан бирга, айрим муаммолар ҳамда йўл қўйилган камчиликлар мавжудлиги ҳам қайд этилди. Жумладан, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан етказилган зарарларни қоплаш бўйича 2020 йил ва 2021 йилнинг ўтган даври давомида 30 нафар мулкдорга компенсация маблағи тўлаб берилмаган.
Жамоат транспортининг ўзаро боғлиқлигини таъминлаш, айниқса, аҳоли гавжум нуқталарда йўловчиларнинг бир транспортдан иккинчи транспортга қисқа вақтда хавфсиз ўтиш имкониятини яратиш мақсадида қўшимча равишда транспорт-ўтиш боғламаларини ташкил этиш зарурати мавжуд.
Қайд этилганидек, “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамиятига қарашли корхоналар тасарруфидаги автобусларнинг 16,6 фоизи (196 таси) техник носозлиги боис ҳаракат мунтазамлиги таъминланмаяпти, йўловчиларнинг автобусларни кутиб туриш вақти айрим йўналишларда 25-40 дақиқани ташкил қилмоқда.
Тошкент шаҳрида оқова сувларни қабул қилиш бўйича мавжуд Салар, Бўзсув ва Бектемир иншоотларида сув тозалаш самарадорлиги лойиҳа бўйича 75 фоизни ташкил этади, бироқ бугунги кунда ушбу иншоотлар 35,5 – 51,3 фоиз қувват билан ишламоқда.
Шаҳарда қурилиш объектларининг кескин кўпайиши натижасида ҳосил бўлаётган чангларни сув сепиб бостириш чоралари етарлича кўрилмаётганлиги атмосфера ҳавосига чангларнинг меъёрдан ортиқ чиқарилишига олиб келмоқда.
Жорий ўқув йилида Тошкент шаҳридаги 25 та умумтаълим мактаби 2,1 коэффициентдан юқори қувват билан фаолият юритмоқда, 2026 йилда мактаб ёшидаги болалар сони 496,1 мингга етиши кутилаётганлиги боис янги мактаблар қуришга эҳтиёж ҳам ортиб бормоқда.
Шунингдек, ҳисоботда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар ҳолати, уларнинг олдини олиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди. Таъкидланганидек, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар даражаси 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 3 баробарга ортган. Бундан ташқари, психотроп ҳамда кучли таъсир этувчи моддалар, назорат остидаги дори-дармонларнинг аҳоли орасида ноқонуний муомаласи кескин авж олиб бораётганлиги криминоген вазиятга жиддий таҳдид солмоқда. Ички ишлар органлари томонидан 59 та дорихонада ўтказилган тадбирлар давомида жами 66 минг донадан ортиқ турли хилдаги кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний сотилиши ҳолатлари аниқланганлиги бунинг яққол тасдиғидир.
Мажлисда сенаторлар томонидан мавжуд муаммоли масалаларни ҳал этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўриш зарурлиги таъкидланиб, мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахборотлари тингланди ва муҳокама этилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА