Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Онлайн танлов: ижодкор ўқувчилар учун яна бир имконият
15:12 / 2020-04-11

Андижонда умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Куч – адолатдадир” деб номланган онлайн кўрик-танлов ўтказилмоқда.


Андижонда умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Куч – адолатдадир” деб номланган онлайн кўрик-танлов ўтказилмоқда. 

Коронавирус пандемияси туфайли мамлакатимизда жорий этилган карантин шароитида умумтаълим мактаблари ўқувчилари телевидение орқали намойиш этилаётган онлайн дарс машғулотларини кузатиб, ўз билимларини ошириб бормоқда. Онлайн-дарсларда андижонлик ўқувчилар ҳам фаол иштирок этмоқда. 

Муҳтарам Президентимиз халқимизга мурожаатида ўқувчи ва талаба ёшларга қарата: “Азиз фарзандларим, уйда вақтингизни бекор ўтказманг. Онлайн дарсларни қунт билан ўзлаштиринг. Китоб ўқинг, билимингизни оширинг, бадантарбия ва жисмоний машқларни бир кун ҳам қолдирманг” дея айтган фикрлари мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга ундамоқда. Ана шундан келиб чиқиб, вилоят халқ таълими бошқармаси ташаббуси билан карантин даврида ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида улуғ бобокалонимиз, буюк саркарда соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 684 йиллигига бағишлаб “Куч — адолатдадир” деб номланган онлайн кўрик-танлов ўтказилмоқда.

- Онлайн танловда умумтаълим мактабларининг 5 минг 653 нафар 7-11- синф ўқувчилари тасвирий ва амалий санъат йўналишидаги ижод намуналари билан иштирок этди, — дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азизбек Миркомилов. – Мазкур танлов карантин шароитида ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларнинг тасвирий ва амалий санъатга бўлган қизиқишини ошириш, шу билан бирга, ўқувчи ёшлар қалбида тарихимизга, буюк бобомизга бўлган ҳурмат ва ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Жорий йил 31 мартдан 9 апрелга қадар умумтаълим мактабларининг 7-11-синф ўқувчилари томонидан тасвирий ва амалий санъат йўналиши бўйича онлайн тарзида юборилган барча ижодий ишлар мутахассислар томонидан кўриб чиқилди. Якуний хулосаларга кўра, ҳар бир туман ва шаҳардан бир нафардан, жами 16 нафар ўқувчининг ижодий ишлари юқори баҳоланиб, танловнинг вилоят босқичига тақдим этилди.

- Онлайн танловда соҳибқирон Амир Темур ҳаёти ва фаолияти акс этган бир неча ижодий ишларим билан қатнашдим, — дейди Қўрғонтепа туманидаги 10-умумтаълим мактаби 10-синф ўқувчиси Беҳрузбек Хурбоев. — Танлов ижодий маҳоратимизни яна бир бор синовдан ўтказиш имконини берди. Ижодий ишларим туман ўқувчилари ўртасида энг юқори баҳоланганлиги эса мени янада илҳомлантиради. 

Онлайн танловнинг вилоят босқичи ғолиблари бир неча кун ичида эълон қилинади. Ғолиб ва совриндорлар вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан муносиб рағбатлантирилади.