Айни пайтда Олий Мажлис Сенатининг йигирма иккинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтмоқда. Парламент юқори палатасининг ялпи мажлисида мамлакат ҳаётига оид бир қатор масалалар кўриб чиқилмоқда.
Дастлаб, молия вазири Темур Ишметовнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2021 йил 9 ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.
Ҳисоботда қайд этилганидек, бюджет ижросини таъминлашда асосий эътибор иқтисодий барқарорликни сақлаш, ижтимоий соҳани қўллаб-қувватлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш юзасидан қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорларидаги вазифаларга қаратилган.
Ўз вақтида мувофиқлаштирилган фискал ва пул-кредит чоралари туфайли ҳисобот даврида республика иқтисодиёти 6,9 фоизга ўсган, ЯИМ ҳажми 519,8 триллион сўмни ташкил этган. Иқтисодий ўсиш суръатлари саноатда 9 фоизни, қурилиш соҳасида 4,5 фоизни, қишлоқ хўжалиги, ўрмон хўжалиги ва балиқчилик соҳаларида 4,2 фоизни ҳамда хизмат кўрсатиш соҳасида 7,6 фоизни ташкил этган. Иқтисодиётда ўсиш суръатларини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар натижасида инфляция даражаси йил бошидан 5,9 фоизни ташкил этган.
Ҳисобот даврида Давлат бюджети даромадлари 116 триллион сўмни ташкил этиб, белгиланган прогноз 108,4 фоизга ёки 9 триллион сўмга ошириб бажарилган. Даромадлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21,6 триллион сўмга кўпайган.
Давлат бюджетининг 2021 йил 9 ойлик харажатлари давлат мақсадли жамғармаларисиз 130 триллион 265,1 миллиард сўмни ташкил этиб, аниқланган режа кўрсаткичларига нисбатан 95,8 фоизни ёки ЯИМга нисбатан 25,1 фоизни ташкил этган.
Ҳисобот даврида маҳаллий бюджетлар даромадлар қисми прогнозга нисбатан 120 фоизга бажарилган ёки 25 триллион 495 миллиард сўмни, харажатлар қисми эса режага нисбатан 104 фоизга ижро этилиб, 46 триллион 497 миллиард сўмни ташкил этган. Маҳаллий бюджетлар мустақиллигини ошириш бўйича ҳукумат томонидан амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида маҳаллий бюджетлар даромад кўрсаткичи 6 триллион 385 миллиард сўмга ортиғи билан ижро этилган. Бу эса, ўз навбатида, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш ва камбағалликни қисқартириш, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, ижтимоий нафақалар, моддий ёрдам ва компенсация тўловларини ўз вақтида амалга ошириш имконини берди.
Таъкидланганидек, ҳисобот даврида ижтимоий соҳага Давлат бюджетидан 64 триллион 38 миллиард сўм ёки умумий харажатларнинг 49,2 фоизи миқдорида маблағ ажратилган.
Мажлисда сенаторлар Давлат бюджети ижроси доирасидаги ишлар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини, таклифларини билдирдилар. Ҳисобот даврида бюджет маблағларидан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида ягона ғазна ҳисобварағининг ишончли ва барқарор ишлаши ҳамда инсон омили аралашувини қисқартириш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга ошириш лозимлигига эътибор қаратдилар.
Молия вазирлигига бюджетдан маблағ олувчи вазирлик ва идоралар билан биргаликда ажратилган маблағлардан мақсадли ҳамда самарали фойдаланиш устидан таъсирчан назорат тизимини ўрнатиш, бюджет маблағларининг натижадорлигини таъминлашга қаратилган доимий мониторинг тизимини жорий этиш, очиқлик ва ошкораликни таъминлаш мақсадга мувофиқлиги кўрсатиб ўтилди.
Бундан ташқари, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ҳамда ижтимоий ҳимоянинг манзиллилигини кучайтириш зарурлиги ҳам таъкидланди.
Сенаторларнинг турли йўналишлар бўйича билдирган таклифлари, саволлари ва эътирозларига ҳукуматнинг тегишли вакиллари жавоб қайтарди.
Мажлисда Давлат бюджетининг 2021 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлаш юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА