Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган чора-тадбирлар ижро этилишининг бориши қизғин муҳокама этилди.
Мазкур масала бўйича Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси Борий Алихонов маъруза қилди.
Қайд этилганидек, сўнги йилларда Оролбўйи минтақасида инвестициялар жалб этувчанликни ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш, Орол денгизининг экологик ҳалокати оқибатларини юмшатиш борасида мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Президентимиз томонидан охирги бир йил мобайнида мазкур ҳудуд бўйича 5 та фармон ва қарорлар қабул қилингани, ушбу ҳужжатларда Қорақалпоғистонда ижтимоий-иқтисодий тармоқларни тубдан ислоҳ қилиш, хорижий ва маҳаллий инвесторларни кенг жалб қилиш назарда тутилгани алоҳида эътиборга молик.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 ноябрдаги “2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорига мувофиқ 1 минг 359 та лойиҳа доирасида 12 триллион 259,1 миллиард сўмлик кенг кўламли ишлар амалга оширилиши ва 17 минг 259 та янги иш ўрни яратилиши белгиланган.

Кўрилган чора-тадбирлар туфайли қиймати 8 триллион 846,2 миллиард сўмлик 1 минг 65 та лойиҳа ишга туширилган ҳамда 8 минг 372 та янги иш ўрни ташкил этилган. Шунингдек, 46 та лойиҳа муддатидан олдин ишга туширилиб, 239 та янги иш ўрни яратилган. Бундан ташқари, йўл, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси объектларини қуриш, таъмирлаш ва реконструкция қилиш бўйича 201,3 миллиард сўмлик маблағ ўзлаштирилган ҳамда 79 та ижтимоий соҳа объектида 233,3 миллиард сўмлик ишлар бажарилган.
Ижтимоий-иқтисодий шароити оғир тоифага киритилган 45 та маҳалла ва овулда хизмат кўрсатиш соҳасида янги 74 та тадбиркорлик субъекти ташкил қилинган, барча маҳалла фуқаролар йиғинларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилган.
Сенаторлар амалга оширилаётган ишлар натижасида аҳоли турмуш даражаси ошаётгани, янги иш ўринлари яратилаётгани, аҳоли даромадлари кўпаяётгани билан бирга айрим муаммоли масалалар мавжудлигини ҳам қайд этдилар. Хусусан, 2020–2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига киритилган 124 та лойиҳани ишга тушириш муддатини узайтириш зарурати вужудга келган.
Қораўзак туманида қиймати 3 миллиард сўм ва Қўнғирот туманида қиймати 5,5 миллиард сўм бўлган автомобилларга сиқилган газ қуйиш шохобчаларини ташкил этиш лойиҳаларига Энергетика вазирлиги томонидан рухсатнома тақдим этиш муддати кечиктирилмоқда. Қораўзак туманида вермикулит қазиб олишни кенгайтириш ва уни чуқур қайта ишлаш бўйича умумий қиймати 8,9 миллиард сўмга тенг 3 та лойиҳа бўйича Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасидан лицензия олиш учун ҳужжатлар тўлиқ расмийлаштирилмаган.
Шунингдек, ҳудудда амалга оширилаётган 555,5 миллион долларга тенг бўлган 5 та лойиҳа бўйича ишлар охирига етказилмаган, 13 та лойиҳа бўйича ишларни жадаллаштириш лозим.
“Ўзбекистоннинг ғарбий қисмида ичимлик сув таъминоти тизимларини ривожлантириш” лойиҳаси бўйича Нукус, Беруний, Мўйноқ, Қўнғирот, Қораўзак ва Амударё туманларидаги сув иншоотларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш учун жорий йилда ўзлаштирилиши режалаштирилган 21,9 миллион долларга тенг маблағнинг 1,7 миллион доллари ўзлаштирилган, холос.
Борий Алихонов мавжуд муаммоларни бартараф этиш борасида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда Жўқорғи Кенгеси билан ҳамкорликда ишлар олиб борилаётгани, келгусида яна 190 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилаётганини таъкидлади.
Қорақалпоғистон Республикасидан онлайн иштирок этган Сенат аъзоси Улуғбек Жалменов Қорақалпоғистон Республикасида Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган ишлар, ҳудуднинг қиёфаси ўзгариб бораётганини аҳоли ҳам ҳис қилаётганини алоҳида эътироф этди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА