Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” доирасида “Онлайн қимор − инқироз ва ҳалокат томон босилган қадам” мавзусида курсантлар билан давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда онлайн қимор инсон ҳаётида нафақат моддий зарар, балки маънавий таназзулга ҳам олиб келиши, афсуски, бу иллат бугун кўплаб оилаларни издан чиқараётгани, ёшларимизни эса келажакдаги орзу-интилишларидан чалғитаётгани хусусида сўз борди.

Мавзу бўйича мутахассислар томонидан чиқиш қилиниб, онлайн қимор ва тотализаторларнинг ёшлар ҳаётига салбий таъсири ҳамда қонунчиликдаги жавобгарликлари ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Мутахассислар ўз маърузаларида интернет орқали пул тикиладиган ўйинларда иштирок этиш оқибатида катта маблағни ютқазиб қўйиб хонавайрон бўлган, ҳатто ўз жонига қасд қилган шахслар мисолларини келтириб ўтди.

Шунингдек, бундай таваккалчиликка асосланган ўйинлар инсонда умидсизлик ва ночорлик ҳиссини кучайтириши, оилавий муаммолар ва фожеаларга сабаб бўлишини қайд этди.
Давра суҳбати якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассислардан батафсил жавоб олди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА