Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ОНЛАЙН ПЛАТФОРМА: ТАДБИРКОР АЁЛНИНГ МАБЛАҒИ ВА ВАҚТИ ТЕЖАЛАДИ
18:25 / 2022-05-16

Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги кўмагида “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси томонидан “Мамлакатимиз хотин-қизларини тадбиркорликка ўқитиш бўйича ягона онлайн платформа яратиш” мавзусидаги инновацион лойиҳа амалга оширилмоқда.

Ушбу лойиҳанинг амалиётга татбиқ этилиши олдидан тадбиркор аёллар ҳамда ОАВ вакиллари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.

– Мазкур лойиҳага кўра, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагидаги хотин-қизларни касбга йўналтириш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш учун ягона онлайн платформа яратилади, –дейди “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси раиси Гулнора Маҳмудова. – Натижада турли йўналишлар бўйича тадбиркор аёллар фаолиятини ривожлантириш ва уларнинг замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга, ҳуқуқий ва молиявий билимларини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган ўқув-методик материаллар, қўлланмалар тайёрланади.

Таъкидланганидек, ягона онлайн платформанинг амалиётга татбиқ этилиши ишбилармон аёллар ҳамда тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган хотин-қизларга масофадан туриб ўз билим ва малакаларини ошириш имконини беради. Бу жараён тизимли равишда йўлга қўйилиши натижасида бизнес-тренинглар ўтказиш учун бино ижарасига ва бошқа мақсадларга сарфланадиган маблағ иқтисод қилинади, қатнашчилар вақти тежалади.

–  Бекобод шаҳридаги “Мурувват кўмак” МЧЖ, яъни ногиронларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик ёрдам бериш ташкилотида 45 нафар 1- ҳамда 2-гуруҳ ногирон хотин-қизлар меҳнат қилади, – дейди жамият раҳбари  Хосият Амонова. – Онлайн платформа  кўпроқ ногиронлиги бор шахсларга ёрдам беради, деб ўйлайман. Сабаби, жуда кўп ногиронлиги бор шахслар тадбиркорликни ўргангиси, ўз бизнесини бошлагиси келади. Аммо улар учун бирор ташкилотга бориб, бизнес юритиш сирларини ўрганиш анчайин қийинчилик туғдиради.

Шунингдек, ушбу дастурий таъминотдан турдош таълим муассасалари ҳам фойдаланишлари, хотин-қизлар ўз маблағлари эвазига дастурий таъминотга кириб, малака оширишлари мумкин.

Нигора РАҲМОНОВА, ЎзА