Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Онлайн назорат-касса машиналаридан фойдаланишга ўтилмоқда
18:03 / 2020-01-27

Бухоро вилоятида 1 минг 500 дан зиёд тадбиркорлик субъекти онлайн назорат-касса машиналаридан фойдаланишга ўтмоқда.


Бухоро вилоятида 1 минг 500 дан зиёд тадбиркорлик субъекти онлайн назорат-касса машиналаридан фойдаланишга ўтмоқда.

"Яширин иқтисодиёт" тараққиётимизга ғов бўлаётган катта иллат саналади. Замонавий ахборот технологиялари бу хавфли тамойилга қарши курашнинг муҳим дастакларидан биридир. У жаҳон тажрибаси асосида бизда ҳам қўлланила бошланди.

Бунда мамлакатимиз Президентининг 2019 йил йил 6 сентябрдаги “Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳуқуқий асос бўлди.

Мазкур ҳужжат асосида 2019 йил 23 ноябрда Вазирлар Маҳкамасининг “Онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизими қўлланилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Унда ҳисоб-китобларнинг шаффофлигини янада ошириш, нақд пул маблағларининг хуфиёна айланишини қисқартириш орқали бюджет даромадларига қўшимча манбаларни жалб этишга хизмат қилувчи янги замонавий автоматлаштирилган тизим яратилиши белгиланди.

Онлайн назорат-касса машиналари (НКМ) ва виртуал кассани қўллаш тизими савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасини янада эркинлаштириш, ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини кенг жорий қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда ушбу соҳадаги пул айланмаси устидан жамоатчилик назоратни ўрнатишга ёрдам беради.

– Белгиланган тартибга кўра, мамлакатимизда 2020 йилнинг 1 январидан дастлаб алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, дори-дармон савдоси, автомобилларга бензин, дизель ва газ ёқилғисини қуйиш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари янги автоматлаштирилган тизимдан фойдаланишга ўтмоқда, – дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи Бобур Бозоров. – Шу муносабат билан вилоятимизда онлайн назорат-касса машиналарини ёки виртуал касса тартибини қўллаш кўзда тутилган юридик шахслар вакиллари билан учрашувлар ташкил этилаётир. Очиқ мулоқотлар тарзида кечган тадбирларда янги Солиқ кодекси, ҳисоб-китоблар автоматлаштирилган янги тизимнинг мазмун-моҳияти кенг тушунтирилди. Учрашувларда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб олмоқда. Вилоят давлат солиқ бошқармасида ўтказилган ана шундай учрашувда 50 га яқин тадбиркорлик субъектига онлайн НКМлари харид қилинишига кўмаклашилди.

Таъкидлаш керак, янги тизимдан фойдаланишга ўтаётган юридик шахслар ҳисоб-китобларни юритишда қатор қулайликларга эга бўлди.

Ҳукуматнинг юқорида қайд этилган қарорига мувофиқ, 2021 йилнинг 1 январигача тадбиркорлик субъектларига ҳар бир онлайн назорат касса машинасини харид қилиш ва ўрнатиш билан боғлиқ харажатлар суммасини, базавий ҳисоблаш 10 бараваридан ошмаган миқдорда, кейинги солиқ тўлови ҳисобидан камайтириш ҳуқуқи билан бирга, виртуал касса дастурий маҳсулотининг базавий қисми Давлат солиқ қўмитаси томонидан бепул берилади. Шунингдек, тадбиркорлар кунлик ўртача нақд пул тушуми миқдоридан қатъий назар, нақд пулни банк кассаларига инкассация хизматлари орқали ўзлари белгилаган вақтда ёки мустақил равишда топшириш имкониятига эга бўлди. Бундан ташқари, уларнинг онлайн назорат-касса машиналари ёки виртуал кассадан фойдаланилганда, фискал хотирали назорат касса машиналарини ишлатиш мажбурияти соқит қилинди. Шу билан бирга, субъектлар учун амалда бўлган қатор ҳужжатларни юритиш тартиби ҳам бекор бўлди.

Буларнинг ҳаммаси онлайн НКМни жорий этишдан манфаатдорликни ошириши, шубҳасиз.

Вилоят давлат солиқ бошқармаси маълумотига қараганда, ҳозирги пайтда 1 минг 500 дан зиёд субъект ҳисоб-китоблар юритишнинг автоматлаштирилган тизимига ўтди. Жараён босқичма-босқич давом эттирилади. 2022 йил 1 январига қадар вилоятдаги 10 мингдан ортиқ барча юридик ва жисмоний шахслар товарларни реализация қилиш, ишларни бажариш ҳамда хизматлар кўрсатишда аҳоли билан нақд пулдаги ҳисоб-китобларни мажбурий тарзда фақат онлайн назорат-касса машиналарини қўллаган ҳолда амалга оширади.