Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Онлайн мактаб лойиҳасида қишлоқ ўқувчилари қандай иштирок этаяпти?
16:22 / 2020-04-14

Бу дарсларни ўқувчилар қанчалик ўзлаштиряпти? Ўқитувчилар эса уларни мунтазам равишда масофадан туриб қандай баҳолаяпти ва назорат қиляпти?


Коронавирус инфекцияси сабаб республикамиздаги таълим муассасалари вақтинча ёпилди. Энди улар учун алоҳида белгиланган дарс жадвали асосида телевидение орқали онлайн дарслар эфирга узатилмоқда. Бундан ташқари, махсус сайтлар орқали дарсларни масофадан туриб ўрганиш ва бажариш имконияти яратилди.

Бу дарсларни ўқувчилар қанчалик ўзлаштиряпти? Ўқитувчилар эса уларни мунтазам равишда масофадан туриб қандай баҳолаяпти ва назорат қиляпти?

– Ўқувчиларни баҳолаб боришда икки хил йўл тутилган, – дейди Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби Анвар Умаров. – Биринчидан, Тошкент шаҳрида махсус платформа фаолият юритмоқда. Мазкур платформа орқали ўқитувчилар ўқувчиларнинг уй вазифалари, бажарган ишларини йиғиб, баҳолаб бормоқдалар. Ушбу платформада тизимли баҳолаш имконияти бор. Мисол учун, бир ўқувчи математика, инглиз тили ёки бошқа фанлардан вазифаларни бажариб ушбу тизимга юклайди. Ушбу вазифани ўқитувчиси кўради ва тизимли баҳолаб боради. Бу тизим вилоятларда жорий қилинмагани учун ўқитувчилардан телеграм ёки шунга ўхшаш бошқа ижтимоий тармоқлардан фойдаланган ҳолда ўқувчиларнинг бажарган вазифаларини йиғиш ва ўзларида қайд этиб боришни сўраганмиз. Карантин тугагач ўқитувчилар ўша баҳоларни журналга киритадилар. Халқ таълими вазирлиги тегишли идоралар билан бирга баҳолаш тизими бўйича таклифлар ишлаб чиқмоқда. Бу таклифлар асосида баҳолаш тизимига ҳам ўзгаришлар киритилиши мумкин.

Онлайн дарслар чекка ҳудудларда ҳам ташкил этилмоқда. Мисол учун, Бухоро вилояти Шофиркон туманидаги 15-умумтаълим мактаби ўқитувчилари ҳам ўқувчилар узлуксиз таълимдан узилиб қолмасликлари учун бор куч ва имкониятларини сафарбар этмоқда.

Ўқувчилар телевидение орқали ўтилаётган дарсларни, вазифаларни тайёрлаб, ҳар бир фан бўйича тузилган телеграм гуруҳига расм ёки видео форматда узатмоқда. Бу жараёнда ўқитувчилар ўқувчиларнинг вазифаларини кўриб, текшириб ўзлари учун баҳолаб боришмоқда.

– Устоз учун энг қадрли нарса шогирдларининг муваффақияти, ютуғи ҳисобланади, – дейди 15-умумтаълим мактаби она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Нория Раҳматова. – Бу йўлда ўқитувчилар бор билимини, куч-ғайратини сарфлайди. Бугунги синовли даврда биз, ўқитувчилар кўпроқ тер тўкишимиз, ҳар қандай вазиятда болаларнинг таълимдан узилиб қолмасликларини таъминлашимиз зарур. Айни шу жиҳатдан тез фурсатда мамлакатимизда онлайн дарслар йўлга қўйилди. Бизнинг мактабда ҳам ҳар бир фан ўқитувчиси режа асосида онлайн дарсларни ўтмоқда. Мен ҳам ҳар куни телеграм канали орқали ўқувчиларимнинг вазифаларини текшириб бораяпман. Қувонарлиси, ўқувчилар бунга шунчаки ёндашмаяпти. Ота-оналарнинг ҳам иштироки бу борада ижобий таъсир кўрсатмоқда. Чунки, ота-она ҳар куни фарзандининг қандай дарс тайёрлаётгани, ўзлаштиришини кузатмоқда. Фарзандлар келажаги учун жон куйдириб, ушбу онлайн дарсларни ташкил қилаётган мутасаддиларга миннатдорлик билдирамиз.

Аммо танганинг яна бир томони борки, бу баъзи муаммоларни келтириб чиқармоқда. Онлайн дарсларга болалар қамрови тўлиқ эмас. Ҳамма оила ҳам вазифаларни телеграмдан жўнатиш имкониятига эга эмас. Баъзиларида ушбу имкониятларни бажара оладиган мобиль телефон ҳам йўқ. Шу сабабли баъзи ота-оналар сарсон бўлмоқда.

Ўзимиздан мисол. Биздан 4-5 уй нарида яшайдиган қўшнимиз Эргаш аканинг мактабда таҳсил оладиган 3 фарзанди бор. Бир кун кўчада учратиб қолдим. Фарзандларининг вазифаларини онлайн телеграмдан жўнатиш учун замонавий телефони бор ошналаридан илтимос қилаётган экан. Бари бир ота-да. Суҳбатлашсам, уч кундан буён шу сарсонгарчилик.

– Фарзандларим телевидение орқали берилаётган дарсларни ўзларининг дафтарларига ёзиб боришяпти, аммо буни юборадиган имконият йўқ, – дейди у. – Куни кеча амаллаб бир танишимиз телефони орқали жўнатдик. Бунақа вазиятга тушганлар кўп. Муҳими, дарслари қолиб кетмаяпти. Бу кунлар ҳам ўткинчи.

Албатта, ушбу пандемия таълим тизимига таъсир этмай қолмайди. Нима бўлганда ҳам онлайн мактаб лойиҳасида иштирок этаётган ўқитувчиларни ҳам бемалол бугунги куннинг қаҳрамонлари, деб аташ мумкин. Уларнинг кўрсатаётган жасорати, хизматларини тан олмасдан иложимиз йўқ.