Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Онлайн кредит олишда фирибгарликка учраган фуқаролардан кредитни ундириш тўхтатилади
11:49 / 2026-01-21

Адлия вазирлиги ҳамда Марказий банк ҳамкорлигида қабул қилинган “Кредит ва тўлов ташкилотлари, тўлов тизими операторлари томонидан жисмоний шахсларга масофадан молиявий хизматлар кўрсатишда ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш ҳамда фрод ҳолатларининг олдини олиш бўйича минимал талаблар тўғрисидаги низом” давлат рўйхатидан ўтказилди.

Қабул қилинган мазкур низом билан кредит ташкилотлари онлайн кредитлар билан боғлиқ фрод (фирибгарлик) ҳолатларини камайтириш ва ҳимояни кучайтириш бўйича янги ҳуқуқий механизмлар жорий этилди.

Бунда асосий ўзгартиришлар қуйидагилардан иборат:  

Фуқарога фирибгарлик йўли билан онлайн кредит расмийлаштирилган бўлса кредит ташкилоти бу кредит бўйича асосланмаган мажбуриятни ҳисоблашни тўхтатади. Номига расман онлайн кредит берилган шахс фақат суриштирувчи, терговчи, прокурор қарори ёки суд ажримига асосан “жабрланувчи” деб эътироф этилса, ўндириш ҳам тўхтатилади.

Онлайн кредитлар орқали фирибгарлик ҳолатлари кўпайгани ҳақида бир неча маротаба расмий маълумотлар эълон қилинган. 2024 йил давомида кредит расмийлаштириш билан боғлиқ фирибгарликлар сони 42 фоизга ошгани маълум қилинган ва 463 та ҳолатда қарийб 15 миллиард сўм миқдорида зарар етказилгани қайд этилган.  

Агар онлайн кредит фақат фирибгарлик натижасида берилгани суд ёки тергов маълумотлари билан тасдиқланмаса, кредитнинг фоизларини ва асосий қарзни ўндириш давом эттирилади.

Бундан ташқари, кредит ташкилотлари фрод ҳолатига шубҳа қилганда қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, агар фуқаро тергов ёки суд қароридан кўзда тутилган тартибда фирибгарлик ҳолати сифатида тан олинмаса, кредит ташкилотлари онлайн кредит ҳамда у билан боғлиқ фоизларни ҳисоблаш ва ундиришни давом эттиради.

Кредит ташкилоти онлайн кредит ажратиш жараёнида фрод содир этган шахсдан регресс тартибида етказилган моддий зарарни ундириши мумкин. Бу дегани, фирибгарликни исботлаш орқали кредит ташкилоти зарарни амалга оширган шахсдан талаб қилиш имкониятига эга.

2025 йил жарима қўллаш ва антифрод чоралари натижасида банклар томонидан салкам 347 миллиард сўм миқдоридаги маблағ онлайн кредитлардан фирибгарлар таъсирида олинишининг олди олинди, кредит ташкилотлари ҳисобларига қайтарилди.  

2025 йил июнь ойидан эътиборан фуқароларнинг мурожаати билан махсус кредитни олишни тўсувчи рўйхат жорий этилди. Ушбу хизмат орқали шахслар ўз номлари бўйича кредитларни фақат ўз розилиги билан олиш имкониятини чеклашлари мумкин.  

Бу хизмат бепул бўлиб, кредит бюросига ариза топшириш орқали ёки my.gov.uz портали орқали фойдаланиш мумкин. Янгиланган қонунчилик фуқароларни онлайн кредитлар орқали содир этилаётган фирибгарликлардан ҳимоя қилишни янада кучайтирди. Агар фуқаро ўз номига фирибгарлар томонидан кредит олинганини далиллай олса, кредит ва унинг фоизлари бўйича мажбуриятлар бартараф этилади.

Шу билан бирга, ахборот хавфсизлиги ва фродни аниқлаш бўйича янги низом молиявий хизматлар бозорида шаффофлик ва хавфсизликни оширишга қаратилган.

Ш.Маматуропова,

ЎзА