Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, қишлоқ хўжалигида минерал ўғитлар ва кимёвий воситалардан фойдаланишнинг кенгайиши тенденциясини ҳисобга олган ҳолда хавфли кимёвий моддаларнинг қишлоқ хўжалигига таъсирини мақбул хавф даражасига қадар камайтиришни тақозо этмоқда.
Аммо ҳозирги кунда республикамизда ушбу соҳанинг давлат назорати тўлиқ ўрнатилмаган. Минерал ўғитлар ва кимёвий воситалар муомаласини асосий тартибга солувчи – Ўзбекистон Республикасининг “Қишлоқ хўжалиги ўсимликларини зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг нормалари фақатгина ушбу воситаларни рўйхатга олиш жараёни билан чекланган. Натижада қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришда минерал ўғитлар ва кимёвий воситалардан нотўғри фойдаланиш ҳолатлари ортиб бормоқда. Шунингдек, уларнинг муомаласи, уларни сақлаш, йўқ қилиш жараёни тўлиқ йўлга қўйилмаган.
Қонун лойиҳасига кўра, минерал ўғит ва кимёвий воситалар савдо фаолияти учун лицензия 5 йилга, рухсатнома эса 1 йил муддатга бериш кўзда тутилмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан минерал ўғит ва кимёвий воситалар импорти, улгуржи ва чакана савдо фаолияти учун лицензиялаш натижасида қалбаки ўсимликларни ҳимоя қилиш, кимёвий воситаларни республика ҳудудига олиб кириш, улардан фойдаланиш устидан назорат ўрнатилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА