English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Онлайн: Давлат мулкига эгалик қилишни асослаш принциплари белгиланмоқда
12:10 / 2022-03-15

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.

Мазкур ҳужжат мамлакатимизда қулай инвестициявий муҳитни яратиш, хусусий мулк эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ишларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш мақсадида ишлаб чиқилган. Чунки амалдаги қонун ҳужжатларида давлат мулкига эгалик қилиш (давлат мулкини сақлаш) бўйича аниқ мезонлар мавжуд эмас эди.  

— Мамлакатимизда 24 минг 927 та давлат муассасаси, 2 минг 285 та давлат иштирокидаги корхона мавжуд бўлиб, давлатнинг иқтисодиётдаги иштироки юқорилигича қолмоқда, — деди қонун лойиҳаси бўйича маълумот берар экан депутат Шуҳрат Полвонов. — Иқтисодиётда давлат улушини қисқартириш мақсадида давлат мулкига эгалик қилишнинг аниқ мезонларини белгилаш зарур. Шу маънода қонун лойиҳаси билан давлат мулкига эгалик қилишни асослаш принциплари белгиланмоқда. Халқаро тажриба ва хорижлик экспертларнинг тавсиясига кўра, давлат корхоналари учун корпоратив бошқарувнинг асосий тамойилларига асосан давлат мулки ягона ваколатли орган томонидан бошқарилиши энг яхши тажрибадир. Франция, Финляндия, Норвегия, Хитой, Сингапур, Малайзия, Россия, Қозоғистон ва бошқа давлатларда давлат мулки махсус идора ёки давлат холдинги томонидан бошқарилади.  

Шундан келиб чиқиб, лойиҳада давлат мулкини бошқариш соҳасида ваколатли давлат органи сифатида Давлат активларини бошқариш агентлиги ва унинг асосий ваколатларидан бири сифатида давлат мулкини бошқариш бўйича ягона давлат сиёсатини юритиши белгиланмоқда.

Соҳани тартибга солиш бўйича жорий амалиётда давлат мулкини бошқариш ва сақлаш харажатлари тўғрисидаги маълумотларни ошкор этиш талаби белгиланмаган. Давлат корхоналари учун корпоратив бошқарувнинг асосий тамойилларига асосан жамият (омма, барча фуқаролар) давлат активларининг охирги мулкдори ҳисобланиши, шу боис, давлат мулкини бошқарувчи орган давлат мулкларини бошқариш соҳасида маълумотлар очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаши халқаро ташкилотлар экспертлари томонидан тавсия этилган.  

Таъкидланганидек, қонун лойиҳасида Агентлик ҳар йили 1 августга қадар давлат иштирокидаги корxоналарнинг ўтган йил фаолияти натижалари тўғрисидаги йиғма ҳисоботни Олий Мажлис палаталарига, Ўзбекистон Республикаси Президентига ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиши ва ўз веб-сайтида эълон қилиши лозимлиги кўрсатилмоқда. 

Депутатларнинг фикрича, давлат мулкини сақлаш ва яxлитлигини таъминлаш ҳамда харажатларни молиялаштириш билан боғлиқ маълумотлар барча учун очиқ бўлиши давлат мулкини бошқариш самарадорлигини оширишга хизмат қилади. 

Халқ вакиллари ҳар бир моддани кўриб чиқиш даомида ўз фикр-мулоҳазаларини, таклифларини билдирди. 

Қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилинди. 


Муҳтарама Комилова, ЎзА