Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан геологик объектларни шаффоф механизмлар асосида инвесторларга фойдаланишга бериш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Қўмитанинг жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими бошлиғи Зиёда Аҳмедова маълум қилишича, жорий йилнинг февралида геология соҳасида инвестицияларни янада жадаллаштириш ҳамда 50 та кон ва истиқболли майдонларни маҳаллий ва хорижий инвесторларга шаффоф механизмлар асосида фойдаланишга бериш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. У 2021 йил 11 февралда тасдиқланди.
– 2021 йилда 26 та геологик объект “E-AUKSION” аукцион савдосига жойлаштирилди ҳамда ўтказилган онлайн-аукцион савдолари натижаларига кўра 17 та геологик объект 18,9 миллиард сўмга сотилди ҳамда рухсатномалар расмийлаштирилди. Шунингдек, 9 та геологик объект бўйича аукцион савдолари эълон қилиниб, 2021 йил 29 июлда аукцион танловлари ўтказилди. Унда 1 та геологик объект бўйича аукцион ғолибларидан жами 3,6 миллиард сўмлик таклифлар олинди, – деди З.Аҳмeдова.
Шу билан бирга, жорий йилнинг август ойида 8 та геологик объект бўйича аукцион танловлари ўтказилиши режалаштирилган.
2021 йилнинг июнь-август ойларида геология-қидирув ишлари янада жадаллаштирилмоқда. Бунда қўшимча 24 та истиқболли майдон ва кон геологик асосланади ва ҳар бир объект бўйича тизерлар, тақдимотлар тайёрланиб аукцион савдолари орқали инвесторларга таклиф этилади.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА,
ЎзА