Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 13 майдаги “Ислом тараққиёт банки иштирокидаги “Ўзбекистон Республикаси онкология муассасаларини модернизация қилиш (II босқич) лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ – 242-сон қарорига ўзгартиришлар киритиш ҳақида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 13 майдаги "Ислом тараққиёт банки иштирокидаги "Ўзбекистон Республикаси онкология муассасаларини модернизация қилиш (II босқич)" лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-242-сон қарорига:
лойиҳани амалга ошириш учун Ислом тараққиёт банкидан 10 миллион АҚШ доллари миқдорида қўшимча қарз жалб этиш;
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази янги мажмуаси ҳамда унинг филиалларини жиҳозлаш учун қўшимча тиббий ва диагностика жиҳозларини харид қилиш;
лойиҳани амалга ошириш доирасида харид қилинадиган ва олиб кириладиган товар (хизмат)ларни Солиқ кодексига мувофиқ қўшилган қиймат солиғидан озод этишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги лойиҳани ўз вақтида амалга ошириш ҳамда мувофиқлаштириш, шунингдек, ИТБ қарзидан мақсадли ва самарали фойдаланиш бўйича масъул ижро этувчи орган ҳисобланади.
Қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда битим расмийлаштирилган ташкилот лойиҳа доирасида тиббий ва диагностика жиҳозларини етказиб бериш учун тузилган шартномалар бўйича контрагент ҳисобланади.
Маълумот учун, олдинроқ Ислом тараққиёт банки иштирокидаги “Ўзбекистон Республикаси онкология муассасаларини модернизация қилиш" лойиҳасининг I босқичида Республика ихтисослашган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг ҳудудий филиалларига 2016-2021 йиллар давомида умумий қиймати 22,8 миллион АҚШ доллари миқдоридаги даволаш, диагностика ҳамда радиотерапевтик тиббий жиҳозлар етказиб берилган ва ишга туширилган;
Ўзбекистон Республикаси ва Ислом тараққиёт банки ўртасида 2021 йил 4 сентябрда "Ўзбекистон Республикаси онкология муассасаларини модернизация қилиш (II босқич)" лойиҳасини молиялаштириш учун 5 йиллик имтиёзли давр билан 20 йил муддатга жами 80 миллион АҚШ доллари миқдорида ҳадли ва агентлик келишувлари имзоланган;
Ўзбекистон Республикаси ва ИТБ ўртасида 2025 йил 24 апрелда лойиҳани 10 миллион АҚШ доллари миқдоридаги қўшимча маблағлар билан молиялаштириш учун ҳадли келишувга қўшимча келишув имзоланган ва қарзнинг умумий миқдори 90 миллион АҚШ долларини ташкил этган;
Лойиҳанинг умумий қиймати 133,0 миллион АҚШ долларига тенг тузатиш киритилган техник-иқтисодий ҳисоби ишлаб чиқилганлиги ва ваколатли давлат органларида экспертизадан ўтказилганлиги, бунда 43,0 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги маблағлар, шу жумладан, солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш шаклидаги - 15,53 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги маблағлар Ўзбекистон Республикасининг лойиҳани амалга оширишдаги улушини ташкил этиши;
лойиҳанинг II босқичини 2022-2027 йилларда амалга ошириш доирасида онкология муассасаларини қуриш, реконструкция ва модернизация қилиш, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази янги мажмуаси ҳамда унинг филиалларини жиҳозлаш учун контрагент билан ўрнатилган тартибда имзоланган битим доирасида 200 турдан ортиқ тиббий жиҳозларни харид қилиш, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Саратонни ўрганиш халқаро агентлиги билан имзоланган битимлар доирасида онкология хизмати салоҳиятини тубдан ошириш, саратонни бошланғич босқичларида аниқлаш ва ушбу йўналишда соҳа мутахассисларини ўқитиш ва тайёрлаш, онкология соҳасида маълумотларни сақлаш ва қайта ишлашнинг электрон тизимини яратишга ҳамда Халқаро атом энергияси агентлиги мутахассисларини жалб қилган ҳолда, ядро тиббиётини жорий қилишга қаратилган тадбирлар амалга оширилган эди.
ЎзА