Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Онкология маркази фаолияти ўрганилди
12:20 / 2025-09-30

Сўнгги вақтларда онкологик касалликлар кўпайиб бораётгани ташвишли ҳолат. Мамлакатимизда бу хавфли хасталикнинг олдини олиш, уни барвақт аниқлаш ва даво чораларини кўриш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳар йили давлат бюджетидан ушбу касалликларнинг олдини олиш ва даволаш имкониятларини кенгайтириш ҳамда зарур мутахассисликлар билан таъминлаш мақсадларига муайян миқдордаги маблағлар ажратилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг ҳудудлардаги ўрганишлари доирасида Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси Ноиба Иноятова Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида бўлди. Халқ вакили тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар ижроси марказда қай даражада таъминланаётгани билан танишди.

Тиббиёт маркази мутасаддилари мазкур тиббиёт марказидаги шарт-шароитлар ҳақида батафсил маълумот берди. Депутат беморлар учун яратилган шарт-шароит ва қулайликларни ўрганиб чиқди. Марказда даволанаётган беморлар ҳолидан хабар олди.

Марказда колопроктология, урология, жарроҳлик, гинекология, маммология, офтальмология, таянч-ҳаракат тизими бош ва бўйин онкологияси, химиотерапия, радиотерапия, анестезиология, реанимация каби стационар бўлимлар мавжуд. Шунингдек, бу ерда маслаҳат-диагностика поликлиникаси ва ёрдамчи бўлимлар фаолият олиб боради.  

Депутат марказ фаолиятини янада самарали йўлга қўйиш бўйича тавсиялар берди. Шу билан бирга, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш ва тиббий маданиятни юксалтириш зарурлигини таъкидлади.

М.Комилова,

ЎзА