Олтинсой туманида яшовчи Ноила исмли ёш келинчак қиз фарзандни дунёга келтириб, она деган бахтга муяссар бўлади. Афсуски, эндигина кўз очган чақалоқни хоҳиш-истагига қарши бориб, фарзандсиз бир оила тарбиясига ўз ихтиёри билан топширади.
Кўп йиллар фарзандсизлик доғини кўрган оила вакиллари тақдир неъматига шукрона айтиб, қизалоққа бор меҳрини кўрсатиб, кўз қорачиғидек асрайди. Орадан бир неча ой ўтгач, Ноила қилган ишидан чин дилдан пушаймон бўлиб, жигаргўшасини ўзи тарбиялаб, улғайтиришга қарор қилади. Болани қайтариб олиш ҳаракатига тушади. Бу вазият чигаллигидан масала фуқаролик ишлари бўйича судда атрофлича кўриб чиқилиб, қонуний тўхтамга келинди. Болани она тарбиясига қайтариш зарурлиги белгиланди.
– Суд ҳужжатлари ҳар қандай ҳолатда ҳам ижро этилиши лозим, – дейди МИБ Сурхондарё вилояти бошқармаси катта инспектори Қобилжон Турсунов. – Уни бажариш учун Мажбурий ижро бюроси Олтинсой туман бўлими мажбурий ижро ҳаракатларига киришиб, жавобгар тараф бир неча марта огоҳлантирилди. Суд қарори ижросини ихтиёрий бажаришдан бўйин товлагани учун давлат ижрочиси Х. Жўраев мажбурий ижро ҳаракатларини тайинлаб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, тегишли соҳа вакиллари ва холисларни жалб этди. Жавобгарга суд қарори ижроси таъминланиши ва бола она тарбиясига қайтарилиши лозимлиги атрофлича тушунтирилди.
Тарафлар ўртасида мураккаб вазият юзага келган бўлса-да, суд ҳужжати тегишли тартибда ижро этилиб, 8 ойлик чақалоқ соғ-саломат она тарбиясига олиб берилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири