«Онам кетиб бораяпти... шол рўмолин дол ташлаб...»
Оламда мўъжиза бўлмаган нарсанинг ўзи йўқ. Китоб эса ана шу мўъжизаларнинг энг гўзали, энг асилидир.
Мутолаа
Оламда мўъжиза бўлмаган нарсанинг ўзи йўқ. Китоб эса ана шу мўъжизаларнинг энг гўзали, энг асилидир. Донолар унга етарлича таърифу тавсиф берганлар. Мен улардан ўтказиб ҳеч нарса айта олмайман.
Китоб менинг учун ҳаётий эҳтиёж. Емак, ичмак, кийинмакка эҳтиёжим бўлгани каби китобга ҳам эҳтиёжим бор. ...Одатдаги кунларнинг бирида кечки пайт янгиликларни кўрмоқчи бўлдим. Негадир телевизорда одамнинг юз қисми ярим кўрина бошлади. Ўғлимни чақирдим: «Уёқ-буёғига қара, бузилганми, дейман, одамни яримта-юримта кўрсатяпти, ёзувларнинг ўртаси йўқ...» Ўғлим бир менга, бир телевизорга ҳайрон бўлиб боқди: «Ойижон, чарчабсиз шекилли, телевизор бинойидек кўрсатяпти...»
Ғалати бўлиб кетдим. Шоша-пиша кўзойнакларимнинг ҳаммасини бир-бир тақиб қарай бошладим. Ўша-ўша... Музлаб қолдим. Кўриш қобилиятимни йўқотяпманми, деган даҳшатли савол пайдо бўлди. Ва... наҳотки, энди китоб ўқий олмасам, деган ўйдан қўрқиб кетдим. Ҳа, китоб ўқий олмаслик даҳшатдир, мен учун.
Кайфиятим яхши бўлганида ҳам, юрагимга қил сиғмаган пайтларда ҳам, айрилиқлар, қайғудан қалбим тилка-пора бўлганида ҳам қўлимга китоб олгим келган. Китоб туйғулар сайқалчиси, қалбнинг малҳами, ҳузуридир.
Шу кунларда, таним бир оз дард чекиб, юрагимдаги соғинч ҳислари кўзларимдан тошай-тошай деганида Ҳалима Худойбердиеванинг танланган асарларини яна қўлимга олдим. Китобни силаб-сийпалаб, дуч келган саҳифасини очдим. Ва... кўзим шу жонбахш сатрларга тушди:
Онам кетиб бораяпти шол рўмолин дол ташлаб,
Тўрт-беш тенгқурлари билан қўлларида тугуни.
.......
Бошларида улуғ қуёш сочаркан шан нурини –
Бир қувончли, бир армонли ҳисдан дилим порадир.
Оналар-чи, дунё унут, «сен»лашиб бир-бирини,
Чақчақлашиб ён қишлоққа тўйга кетиб борадир.
Онам кетиб бораяпти... шол рўмолин дол ташлаб...
Оналар ҳақида ёзмаган ижодкор бўлмаса керак. Ҳаммаси ўзига хос, қимматли, қадрли. Аммо Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиеванинг ёзганлари барибир бошқача-да!
Ўқиймиз:
Бизлар ҳам тўхтатиб пойгани, отни
Уни авайлайлик бир ғанимат он.
Бор умрини бизга бахш этган зотни,
Бир лаҳза севмоққа топайлик имкон.
Бир лаҳза «чоп-чоп»у «қув»-«қув»дан бўшаб,
Эрк берайлик беҳол, шавқ, оҳимизга.
Бир лаҳза яшайлик фарзандга ўхшаб,
Онамизни олиб паноҳимизга.
Шоирлар шеърларига ўз туйғуларини жойлайдилар, ўз кечинмаларини қоғозга туширадилар. Шеър яралганидан сўнг ҳамма унда ўз дарду туғёнларини кўра бошлайди. Оналар ҳақидаги шеърлар ҳам шунақа. Бу шеърларни ўқиётганда шоирнинг онаси хаёлингиздан ўтмайди. Сиз ўз онангиз билан юзма-юз қоласиз...
Озғин-озғин бармоқлари,
Ҳорғин-ҳорғин бормоқлари.
У кўрпача солган сўри –
Тенги йўқ тахтга ўхшайди.
Йўқ тама, озори унинг,
Койишлари дори унинг,
Бу дунёда бори унинг –
Байрамга, бахтга ўхшайди.
Ҳалима Худойбердиеванинг ОНАга бағишланган шеърлари... «Онам хотирасига» деб номланган шеърнинг тепасига «Онам Қаршигул Хонназар қизи хотирасига» деб ёзилган. Аммо мен бу шеърни ўқиётганимда Қаршигул момо эмас, ўз онам ҳақида ўйлай бошлайман:
Отам қурган ўша ҳовли, ўша уйлар,
Сиз кетгач, сўнг ўҳ-ҳў-ў... ёмон ҳувиллади.
Ўйчан шотут. Мўлтираган қўзи-қўйлар,
Хомуш Сизни излагандай туюлади.
Ўчоқ-тандир бари Сизни эсга солар,
Эслатади хазонрезги, барг уюми.
Таниш манзаралар, шундай эмасми?! Ахир онангиздан кейин... Буни онаси оламдан ўтганлар яхшироқ билади. Ҳувиллаган боғлар, барқ уриб ётган райҳонлар ҳам ғариблашиб қолгандек...
«Онам ёди» деган яна бир шеър... У ҳам меники! Нималар деяпман, шеър эмас, ундаги она – менинг онам. Эшитиб кўринг-а:
Болалигим. Авжи саратон.
Дала. Тоғу тошлар куймакда.
Онам ишга отланади тонг,
Ранги ўнгиб кетган кўйлакда.
Эшитаман товушларини,
Борар жаннат малакларидай,
Тупроқ тўла ковушлари-ю,
Ранги унган кўйлакларида...
Ҳа, унинг ОНАлари шундай. «Тупроқ тўла ковушлар»и билан қалбингизни забт этади, сизни мум каби эритади. Беихтиёр китобни бағрингизга босасиз, меҳр, ҳарорат илинжида...
«Олдимдан оққан сув»-чи?! Бу менинг ё сизнинг ҳам армонингиз эмасми?!
Олдимдан оққан сув, беқадр сувим
Умрида бир яйраб ёзилмаганим.
Бор туриши шафқат, бори сир сувим
То қуриб қолгунча сезилмаганим.
Бошқаларга чопдим шаҳар, кентда мен –
Бир қайтариб ё бир кесатмадингиз.
«Менам ғаниматман, менам кетаман», –
Деб нечун бир бора эслатмадингиз?
Онам, онам-а?!..
Армон деганлари инсонни барибир ғафлатда қолдирар экан. Ўзингни ҳарчанд оқласанг-да, кўнгилнинг бир чеккасидан «ўша муҳим иш онанг дийдоридан ҳам афзалмиди?» деган савол чиқиб келаверади.
Онажоним, излаб ёшим бир жойга етди,
Аммо Сиздан келадиган исни топмадим,
деб ёзган эди шоир.
2019 йилда нашр қилинган «Танланган асарлар»да турли йилларда чиққан ўн олти номдаги китоби киритилган. Бу китобларнинг айримлари жимитдеккина бўлса ҳам уларнинг дунё юзини кўриши адабиётимизда алоҳида воқеа бўлган. Мен бу китобдан фақат ОНА ҳақидаги шеърларга бироз тўхталдим. Шунда ҳам уларнинг ҳаммаси ҳақида оддийгина маълумот ҳам бера олганим йўқ. Мен шоир ижодини беҳад севаман. Севганимдан сизга-да илингим келди.
Бугун мамлакатимиз бир мураккаб даврни бошидан кечиряпти. Кўпларимиз узоқдаги ота-оналаримиз ҳолидан тузукроқ хабар ололганимиз йўқ. Аммо телефон деган беминнат дастёримиз унча-мунча бу борадаги камчиликларимизни билдирмайди. Шу сўзларни ўқиётган лаҳзаларда телефонингизни олиб, «Волидам», «Онам», «Онагинам», «Онажоним», «Аям», «Энам», «Бувим», деб ёзилган қатор тугмачасини босиб, мушфиқангиз қалбини шод этсангиз эди... Буни менинг ҳам қалбим сезар, ёришгандан ёришиб кетарди.
Азиз ўқувчи, Ҳалима Худойбердиеванинг «Танланган асарлар»и оилангиз учун энг қимматли ҳадя бўлишга арзийди. Мен сўзимни шоирнинг «Ватан байроғи» шеъридан қуйидаги сатрлар билан якунлайман ва ишонаманки, ушбу сатрлардан сўнг сиз бу китобни албатта, қидириб топасиз:
То бу байроқ, Ватан, нурлар
Ич-ичингга кетсин кириб.
Токи ғаним ватанхўрлар
Ололмасинлар суғуриб.
Шундай ўргат қулни, хонни,
Учмас қуш ҳам учар бўлсин.
То байроқдан олдин жонни
Бермоқ осон кечар бўлсин.
«Ватанпарвар» газетаси мухбири
Инобат ИБРОҲИМОВА
ЎзА учун махсус тайёрлади.