Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оналарнинг нурли тимсолига айланган санъаткор ёди
09:14 / 2022-03-16

Ўзбекистон халқ артисти Тўти Юсупова халқимизнинг жонкуяр онаси сифатида кўпларимизнинг қалбимиздан чуқур жой олган улуғ санъаткорлардан бири эди.

Оналар тимсолига айланиб улгурган актриса 1936 йили 10 март куни Самарқандда таваллуд топган. Санъатсиз ҳаётини тасаввур этмаган Тўти опа авваллари Тошкент театр ва рассомлик санъати институти деб номланган олий таълим даргоҳини тамомлаб, 1957 йилдан ҳозирги кунгача Ўзбек миллий академик драма театрида фаолият юритди.

Тўти опанинг санъат йўлидаги садоқати,  жонфидолиги, ўз-ўзига бўлган талабчанлиги, ҳар бир ролига, ҳар бир образга жиддий ёндашуви хоҳ саҳна асари, хоҳ бадиий картина бўлсин, уларнинг мукаммаллигини, таъсирчанлигини  таъминлашда асосий омил эди, десак янглишмаймиз. Унинг ўзбек ва жаҳон драматургиясининг энг сара намуналари асосида саҳналаштирилган спектакллардаги роллари томошабинлар қалбидан жой олган, десак муболаға бўлмайди.

Тўти Юсупова кино ва театрдаги самарали меҳнати учун “Эл-юрт ҳурмати”, “Фидокорона хизматлари учун”, “Меҳнат шуҳрати” орденлари билан тақдирланган.

Асар қаҳрамонлари образини ижтимоий-психологик жиҳатдан теран очиб бериш, унинг характерини чуқур англаб томошабинларга маҳорат билан етказа олиш Тўти Юсупова ижодининг устувор жиҳатини ташкил этар эди. Аяжон саҳнада, теле, радио спектаклларда, кинофильмларда юздан ортиқ ролларни мақомига етказиб ижро этган тўкис, мукаммал санъаткор эдилар.

Асар мазмунидан келиб чиққан ҳолда, гоҳ шаддод, баъзан мушфиқу муштипар, гоҳи тўпори ва чўрткесар, хуллас турфа феъл-атворли аёллар образини яратган эди суюкли санъаткоримиз. Шундай бўлса-да, барибир Тўти Юсупова куйинчак, жонфидо, ўзини аямайдиган, уй-рўзғори, фарзандлари учун ўзини ўтга чўққа уришга, сув келса симириб, тошни кемиришга тайёр бўлган миллионлаб ўзбек аёлларининг умумлашма тимсоли бўлиб қолаверади.

Н.Усмонова, ЎзА