Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Оналарга эҳтиром” фестивали
16:37 / 2024-05-27

Фарғона вилоятининг шаҳар ва туманларида, барча маҳаллаларида, ташкилот ҳамда идораларда йилдан йилга анъанавий тус олаётган “Оналарга эҳтиром” фестивали кўтаринкилик билан ўтказилмоқда.

Ҳаётимизда барчамиз учун энг азиз, энг қадрли инсон борки, доимо таъзимдасиз. Бу мўътабар зот – онадир. Унинг таърифига сўз  ожиз. Мамлакатимизда хотин-қизларни эъзозлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш замирида катта ҳикмат бор. Зеро, аёлни улуғламоқ – оилани, Ватанни, ҳаётни улуғламоқ демакдир. Аёлларга бўлган чексиз ҳурмат-эҳтиромнинг яна бир сабаби шундаки, аёл – аввало ҳар бир инсоннинг бешигини тебратадиган, оқ сути билан унинг юрагига одамийлик фазилатларини сингдирадиган, уни ҳаёт бўронларидан асраб-авайлайдиган фидойи инсондир. Фарғонада анъанавий ўтказиб келинаётган “Оналарга эҳтиром” фестивалининг ғоясида ҳам фарзандлар учун борлиғини фидо қилган оналардек улуғ зотларга бўлган юксак эҳтиромни намоён этиш, ўсиб келаётган ёш авлоднинг онги шуурида ота-онага ҳурмат, фарзандлик бурчларини адо этиш, уларни қадрлаш каби фазилатларни шакллантириш мужассам. Бу йил тўртинчи бор ташкил этилаётган фестивал жойларда катта шодиёналар билан нишонланмоқда. 

Фарғоналик ёшлар эса бу тадбирларда оналарга эҳтиромини, меҳр-муҳаббатини креатив ёндашган ҳолда ифодаламоқда. Бундай завқли онларнинг сурури, шукуҳи янада ўзгача. Айниқса, тадбирларда иштирок этаётган оналардаги қувонч ва ифтихорни кўриш бошқача.  

Фарғона шаҳар ёшлар ишлари бўлими томонидан ўтказилган фестивал шундай бўлди. Шаҳардаги маҳаллаларда фаолият олиб бораётган ёшлар етакчилари бир пиёла чой устида оналарига меҳрларини, дил сўзларини изҳор этди.  

– Ёшларимизнинг ютуқларида, эришаётган муваффақиятларида оналаримизнинг ўрни беқиёс, – дейди шаҳар ёшлар ишлари бўлими бошлиғи Аҳаджон Акрамов. – Биз уларни доимо эъзозлаймиз, жонимиздан ортиқ яхши кўрамиз. Бугун ҳам оналаримизнинг кўнглини кўтаришга, миннатдорчилик билдиришга ҳаракат қилдик.  

Вилоят ҳокимининг 2021 йил 28 апрелдаги “Фарғона вилоятида “Оналарга эҳтиром” фестивалини юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилаётган фестивалнинг якуний вилоят босқичи июнь ойида Марғилон шаҳридаги “Ижодкорлар боғи”да бўлиб ўтади. Унда “Энг яхши мутахассисларни тарбиялаган она”, “Энг яхши тадбиркорлар онаси”, “Энг матонатли она”, “Юрт ифтихорлари онаси” каби номинацияларда ғолиблар аниқланиб, тақдирланади.  

М.Сулаймонов, ЎзА мухбири