Гулистон шаҳридаги шаҳар тиббиёт бирлашмасида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалаларига бағишланган ҳамкорлик йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Республика ихтисослаштирилган оналик ва болалик саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё филиали директори, акушер-гинеколог Шаҳло Хожаева, Гулистон шаҳар ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Азиза Файзиева, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси вакиллари, хотин-қизлар фаоллари, патронаж ҳамширалар ва доялар иштирок этишди.

Йиғилиш давомида 2025 йилда соҳа бўйича амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил қилинди. Хусусан, оналар ва болалар саломатлигини сақлаш, оналар ва болалар ўлимини камайтириш, исталмаган ҳомиладорлик ҳолатларининг олдини олиш ҳамда перинатал хизматлар самарадорлигини ошириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Шунингдек, патронаж хизматлари самарадорлиги, хавф гуруҳидаги оилалар билан олиб борилган манзилли ишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилишда 2026 йил учун устувор йўналиш ва амалий вазифалар ҳам белгилаб олинди. Жумладан, соҳалараро ҳамкорликни янада кучайтириш, аҳоли ўртасида тушунтириш ва профилактика ишларини кенгайтириш, ҳомиладор аёллар ва болаларни доимий назоратга олиш, патронаж хизмати қамрови ва сифатини ошириш, шунингдек, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш каби вазифалар белгиланди.

– Мақсадимиз — оналар ва болалар саломатлигини таъминлашда самарали ҳамкорлик тизимини мустаҳкамлаш, патронаж хизматлари ва соҳалараро алоқаларни кучайтириш ҳамда аҳоли ўртасида тушунтириш ва профилактика ишларини янада кенгайтиришдан иборат, – деди Азиза Файзиева. – Шу орқали ҳомиладор аёллар ва болаларнинг соғлом ҳаётини таъминлаш, болалар ўлимини камайтириш ва аҳоли саломатлиги соҳасида барқарор ижтимоий натижаларга эришишни мақсад қилганмиз.
Йиғилишда қатнашган мутахассислар соҳада қўлланилаётган энг яхши амалиёт ва самарали ташаббусларни алоҳида қайд этдилар. Шу билан бирга, келгусида аҳоли саломатлигини таъминлаш ҳамда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш йўналишида амалга оширилиши лозим бўлган аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири