“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Андижон вилоятида кўчат экиш, яшил ҳудудларни барпо этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Мазкур жараёнда нуронийлар, хотин-қизлар ҳам фаол қатнашмоқда. Пахтаобод тумани оила ва хотин-қизлар бўлими ташаббуси билан туман маҳаллаларида иш олиб бораётган хотин-қизлар фаоллари томонидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида туманнинг Бўстонобод маҳалласида барпо этилган "Оналар боғи" га нуроний онахонларнинг дуолари билан мевали, манзарали дарахт ҳамда гул кўчатлари ўтқазилди.
[gallery-10963]
– Кўчат экиш, юртни обод қилиш хайрли ва савобли иш, – дейди Пахтаобод тумани ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Раънохон Исмоилова. – Мақсадимиз, юртимизда юқори кўтаринкилик билан ўтаётган ушбу хайрли ишга, юртни янада обод қилишга ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшиш.
Кўчат экиш тадбири Бўстонобод маҳалласининг Наврўзи олам олдидан ўтказилган “Сумалак базми” байрам тадбирига уланди. Улкан дошқозонда тайёрланган сумалак маҳалла аҳлига, меҳмонларга тарқатилди. Ёшу кекса баҳорий таомдан баҳраманд бўлди. Тўкин дастурхон атрофидаги шодиёналар, санъаткорлар томонидан намойиш этилган бадиий дастур тадбир иштирокчилари, маҳалла аҳлига хуш ва байрамона кайфият улашди.
Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА