Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Она юртни куйлаган рассом
17:40 / 2022-09-09

Тошкент Фотосуратлар уйида рассом Эркин Нурмонов таваллудининг 70 йиллигига бағишланган “Она юртни куйлаган мусаввир” номли шахсий кўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Кўргазмада рассомнинг 30 дан ортиқ рангтасвир асарлари 20 га яқин китобларга ишлаган муқоваларидан намуналар ва бир қанча бадиий асарлар, очерклар, қисса ва ҳикояларга ишлаган оқ-қора иллюстрациялари намойиш этилаяпти.

Мазкур кўргазмада асарлари намойиш этилаётган ижодкор Эркин Нурмонов кўп йиллар давомида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг турли кафедраларида дарс бериш билан бирга, тинимсиз ижод билан шуғулланиб келади.

Мўйқалам соҳиби нашриётларда китоб графикаси рассоми вазифасини ҳам бажариб, кўп китобларга муқова ва асарлар бадиий безак ишларини олиб борган. Булардан Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома”, Иброҳим Ҳаққулнинг “Камол эт касбким”, Саъдулла Сиёевнинг “Яссавийнинг сўнгги сафари”, Шодмон Отабекнинг “Дўрмон ҳангомалари” сингари асарларнинг муқовалари кўпчиликка маълум ва манзурдир.

[gallery-8741]

Мусаввирнинг ижоддаги яна бир бетакрор қирраси бу жамиятда бўладиган турли ҳаётий воқеалар ва жиноий ишларни воқеликка мос равишда ифодалаб беришидир. Э.Нурмонов йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Олий суди нашрида бош муҳаррир ва "Куч - адолатда" газетасида бадиий муҳаррир бўлиб ҳам ишлаган.

Рассомнинг кўргазма экспозициясида тақдим этилаётган рангтасвир асарларида юртимизнинг сўлим масканлари, халқимизнинг меҳнатсеварлиги ва болажонлигини кўрсатувчи сюжетли композициялар намойиш этилган.

Картиналарда залворли тоғлар ва дарахтлар, шарқираб оқаётган жилғалар ва ям-яшил ўт-ўланлар ўзининг реал ифодасини топган. “Беда ўрими”, “Тарвузхўрлик”, “Оқтош қишлоғи”, “Юқори Чимён”, “Зомин”, “Оқтош сойи” каби асарлар шулар жумласидандир.

Мазкур кўргазмада намойиш этилаётган асарлар томошабинларда катта таассурот қолдирмоқда.

Н.Усмонова, ЎзА