Пойтахтимиздаги Мухтор Ашрафий уй-музейида "Менинг юртим" деб номланган мусиқий-маърифий, маънавий-бадиий тадбир уюштирилди.
Тадбир давомида Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги 24 -сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби (ДШМИ) халқ чолғулари ансамбли ва Тошкент вилояти Чиноз туманидаги 14 -сонли ДШМИ ўқувчилари томонидан хорижий ва ўзбек бастакорлари асарларидан иборат концерт намойиш қилинди.
Меҳмонларга, шунингдек, ўзбекистонлик таниқли рассом Рустам Бозоров асарларининг кўргазмаси ҳамда Мухтор Ашрафий уй-музейи ва Бадиий академия томонидан ташкил этилган "Лола ва Ой" халқаро болалар виртуал танлови ғолибларининг расмлари тақдим этилди.
Болаларда она табиатга, атроф-муҳитга, ўз Ватанига муҳаббатни янада кучайтириш мақсадида ташкил этилган ушбу танловда мамлакатимизнинг кўплаб шаҳарларидан болалар иштирок этди. Бадиий академия Республика ихтисослаштирилган бадиий мактаб-интернатининг "Лола ва Ой" танловига юборилган расмлар иштирокчиларда алоҳида қизиқиш уйғотди.
Ватанимиз истиқлолининг 30 йиллиги муносабати билан "Лола ва Ой" танловига келиб тушган расмлар Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси томонидан Буюк Британия парламенти Лордлар палатасида намойиш этилганди. Ғолибларга Бадиий академия ва мамлакатимиз дипломатик ваколатхонасининг дипломлари топширилган.
Н.Усмонова,
ЎзА