Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Она халқимдек қадрдон қадриятларим
09:17 / 2022-05-01

Чанқовузнинг сеҳрли овози бутун оламни тутиб кетгандай гўё. Болалигинг ёдга тушиб ҳув ўша ўйнаб,чопиб юрган кенгликлар ва ям-яшил адирлар кўз ўнгингда гавдаланиб, қалбинг нурларга тўлади. Кенг майдон бўйлаб халқ ўйинларини намойиш этаётган болалар бутун вужудлари билан киришган ва уларга жўр бўлаётган томошабинларнинг қийқириқ – олқишлари осмонларни тўлдириб атрофга файз бахш этади.

Ҳар қандай миллат ўзининг миллий қадриятларини асраб қолишга интилади. 

ЮНEСКОнинг «Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Конвенцияси Ўзбекистонда ратификация қилинган ва ўз навбатида мамлакатимиз ушбу Конвенцияда белгилаган вазифаларни амалга оширишни муҳим деб билади.

Дунёда миллатлар, элатлар йўқолиб кетмаслиги учун уларнинг миллий қадриятлари, яъни она тили, урф-одатлари, халқ оғзаки ижоди, ҳаракатли ўйинлари, лапар ва айтимларини авайлаш ва келгуси авлодларга безавол етказиб бериш Конвенциянинг рўйхатида белгиланган. Қолаверса, айни шу нуқтаи назардан, яъни миллий маънавиятимизни ривожлантириш соҳасида давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан қабул қилинаётган бир қатор фармон ва қарорлар буни янада тасдиқлаб турибди.

Шундай экан, мактабларнинг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилари зиммасида ёш авлод онгига миллий ғурур ва ўзликни англашдек юксак туйғуларни сингдириш масъулияти туради.

Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги 76-сон умумий ўрта таълим мактабида «Миллий қадриятларимиз дунё тамаддуни сарчашмасидир» мавзусида ташкил этилган маънавий-маърифий тадбир миллий қадриятларимизни ёшлар онгига сингдириш йўлидаги эзгу бир иш бўлди.

Ям-яшил майдон узра момолару оналаримизнинг олтин қўллари билан тўқилган «ғожари», «осма», «қотти», “қоқма", «араби» гиламлар, турфа ранглардаги кўрпачалар даврага кўрк ва файз берди. 

Ушбу тадбирни тайёрлашда манбалар асосан тумандошимиз, этнограф журналист, фалсафа доктори Гулжаҳон Мардонованинг «Нур тўла уй», «Қуёшим энам», «Фарзандингизга ўйинлар», «Ўзбек халқ қўшиқлари» каби китобларидан жой олган лапарлар, урф-одатлар, миллий ўйинлардан кенг фойдаланилди. 

Ўғил болалар учун «Зар қалпоқ»,«Кўтарма копток», «Елкангни тут»,«Ким тезкор», «Икки белбоғ», «Ҳаккачилик», қизлар учун эса «Рўмолча ташлаш», «Қиз ва қушлар», «Ҳайкал» каби ҳаракатли халқ ўйинлари муаллиф томонидан республикамизнинг турли ҳудудларидан ёзиб олинганлигини таъкидлаш жоиз.
 

«Кўтарма копток» ўйини болаларда бирдамлик, бир-бирларини қўллаб қувватлаш, бирлашиб ҳаракат қилиш каби фазилатларни тарбияласа, «Елкангни тут» ўйини эса анчайин масъулиятли бўлиб, унда болаларнинг ҳар бирларининг ҳаракати вазиятни ҳал қилиши билан жуда муҳимдир.

«Рўмолча ташлаш» ўйини орқали қизларнинг турли имконият ва маҳоратларини аниқлаб олиш мумкин. Яъни иштирокчи қизлар мағлуб дугонасига шарт қўйиб, бир оёқда сакраб айланиб келиши, қўшиқ, шеър айтиб бериши ёки рақсга тушиб беришини талаб қилади. Бу шартларни бажариш асносида қизларнинг истеъдоди намоён бўлади.

«Қиз ва қушлар» ўйини қизларнинг ўйинқароқлик қилиб онаси тайинлаган вазифани унутиб, қушлар билан дўстлашиб, сирлашиб мушкул аҳволда қолгани ва бу вазиятдан қушлар образидаги дугоналари сабабли чиқиб кетиши тўғрисида бўлиб ўқувчиларда экологик маданиятнинг шаклланиши, энг кичик дўстларимизга нисбатан меҳрли бўлишга ҳисса қўшади.

«Ҳайкал» ўйини эса ўқувчилар учун гўёки кичик театр. Иштирокчилар «ҳайкал» сўзи айтилиши билан турли қиёфаларда қотиб турадилар. Улардан ким кулиб юборса ёки бирор ҳаракат қилса ўртабоши уни қувлайди ва етиб олса, ўрин алмашадилар. 

Шунингдек, меҳнат қўшиқларидан «Уста темирчилар» қўшиғи ўқувчилар томонидан маҳорат билан ижро этилди.

Оловга дам берамиз, ҳа-ҳу дам-бадам,

Темирни қиздирамиз ҳа-ҳу дам-бадам.

Ўроқ-кетмон тайёрлаб, ҳа-ҳу дам- бадам,

Деҳқонга илинамиз, ҳа-ҳу дам-бадам,

деб куйлаётган болаларда катта шижоат, темирчиларга хос ғайрат ва жўшқинлик уфуриб турибди. 

Мактаб ўқитувчилари жамоаси «Жилбоши» (Йилбоши):

Жилбоши келди билдингизма?

Этта саҳар турдингизма?

Этта саҳар турасолиб,

Саранжамди олдингизма?

каби битиклардан иборат халқ қўшиғини куйлаб, миллий қадриятимиз бўлган озодалик, саранжом саришталикни тарғиб қилдилар.

Жилбоши келди билдингизма?

Момонинг ҳолини сўрдингизма?

Момонинг ҳолин сўраётиб ,

Нурдан қоғанини билдингизма?-

дея момо-боболаримиз, ота-оналаримиз, тоғаю амакиларимиз, холаю аммаларимиз ҳолидан хабар олиш, уларнинг интиқлиги, нурдан қолгани, бели букилгани, чарчагани, интизор эканини бизга уқтириш билан бирга уларнинг ғанимат эканини яна бир бор эслатади.

Тадбирда охирги вақтларда йўқолиб бораётган қадим қадриятимиз бўлган «Тўйга айтувчилик» кичик саҳна кўриниши орқали намойиш этилди.
 

Тадбирда яна бир гўзал қадриятимиз бўлган келин салом ҳам айтилди. Унда «Қизимнинг сепига китоб соламан» мавзуси кўтарилиб, келин сандиғидан меҳмонларга китоблар совға қилинди. «Келин салом» ўзига хос миллий руҳ ва миллий қадриятларга бой тарзда намойиш этилиб, иштирокчи ва томошабинларда катта таассурот қолдирди.
 

Тадбирда «Ёш истеъдодлар» тўгараги аъзоси Латифа Мейлиева ва жажжи қизалоқлар томонидан миллий рақслар намойиш қилиниб, лапарчи қизлар «Қизгина» қўшиғини ижро қилдилар.

Тадбир якунида яна ўқитувчи опа-сингиллар томонидан чанқовуз оҳанги таралди. 


Ойимгул Мардонова

Қамаши туманидаги 76-мактабнинг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси, Халқ Таълими аълочиси