Оналар ва болалар саломатлиги дунё бўйича ҳар бир мамлакатнинг иқтисодий-ижтимоий ривожланиш индикатори ҳисобланади. Ўзбекистонда ҳам кейинги йилларда бу соҳа мутлақо янгича ёндашувлар асосида ислоҳ қилинмоқда.
Мазкур жараёнда нафақат тизим моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, балки мутахассислар билим ва малакасини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. Россиянинг Академик В.Кулаков номидаги Акушерлик, гинекология ва перинатал миллий тиббиёт тадқиқот маркази етакчи олимларининг Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказига ташрифидан ҳам шу мақсад кўзланган. Ўз йўналиши бўйича жаҳонда етакчилар сафида қайд этиладиган ушбу марказ юртимиздаги тиббиёт муассасалари билан самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Бу галги ташриф давомида россиялик мутахассислар Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказида илмий-амалий семинар-тренинглар ўтказмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабарида қайд этилишича, ўқув машғулотлари 3 та асосий йўналишни қамраб олган.

Маълумки, оналар ва болалар ўлимини янада камайтириш, аввало, жамият, маҳалла, оила, аёлнинг ўзи ва тиббиётнинг бирламчи бўғини ходимлари саъй-ҳаракатларига боғлиқ. Семинар-тренингнинг биринчи йўналиши ушбу мавзуга қаратилган.
Иккинчи йўналиш оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида туманлар миқёсида ишни ташкил қилиш масалаларини ўз ичига олади.
Учинчи йўналиш – акушер-гинеколог, неонатолог, анестезиолог-реаниматологларнинг стационардаги фаолияти самарадорлигини оширишдан иборат.
Ҳафта якунига қадар давом этадиган машғулотларда малака оширган ходимлар миллий экспертларга айланиб, ўз ҳудудига қайтгач, эгаллаган билим ва кўникмаларини ҳамкасбларига етказади.
Шу билан бирга, Академик В.Кулаков номидаги Акушерлик, гинекология ва перинатал миллий тиббиёт тадқиқот марказининг халқаро стандартлар даражасидаги фаолияти элементларини амалиётда самарали қўллай олади.
М.Қосимова, ЎзА