Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Она ва бола саломатлиги марказининг 50 йиллигига бағишланган конференция
19:42 / 2024-10-19

Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази («РИОваБСИАТМ» ДМ) ўзининг 50 йиллигини нишонламоқда. Шу муносабат билан пойтахтимизда мазкур санага бағишланган халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтмоқда.

Конференциянинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбари  Одил Абдураҳмонов Президент Шавкат Мирзиёевнинг Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги маркази жамоасига юбилей муносабати билан йўллаган табригини ўқиб эшиттирди. 

Давлатимиз раҳбарининг Фармони билан кўплаб ходимлар мамлакатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди. Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева мукофотларни  ўз эгаларига топширди. 

- «Она ва бола саломатлиги ҳақида ғамхўрлик қилиш Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимининг асосий устувор йўналишларидан бири саналади ва ушбу конференция оналар ва болаларга кўрсатиладиган малакали тиббий ёрдам сифатини оширишга, мутахассислар ўртасида тажриба алмашинувини, амалиётга халқаро тажрибага асосланган замонавий, илмий асосланган ва энг яхши клиник тавсияларни  жорий этишга йўналтирилган», - деди анжуманнинг  очилишида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири вазифасини вақтинча бажарувчи Асилбек Худаяров. 

Она ва бола саломатлиги маркази Ўзбекистон Республикаси она ва бола саломатлигини муҳофаза этиш хизматининг бош муассасаси ҳисобланади. Ушбу республика аҳамиятига молик ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаси илмий-амалий тиббиёт мажмуасидир. Унинг  таркибида илмий, даволаш-ташхислаш, маърифий, маъмурий-хўжалик ва бошқа бўлинмалар фаолият юритади. 

 Марказнинг тарихи 1974 йил октябрида, Тошкент шаҳридаги туғруқхона негизида  2-сонли Акушерлик ва гинекология илмий-тадқиқот институти ташкил этилиши билан бошланган. Мазкур институт ҳомиладор аёлларга ва янги туғилган чақалоқларга тиббий ёрдам кўрсатишга, шунингдек, акушерлик ва гинекология, перинатология ва анестезиология-реаниматология соҳаларида юқори малакали кадрларни тайёрлашга мўлжалланган Ўзбекистондаги дастлабки туғруққа кўмак ва айни пайтда илмий-маърифий муассаса ҳисобланади. 

2022 йилда Марказ соғлиқни сақлаш сифати бўйича халқаро аккредитациядан муваффақиятли ўтиб, Халқаро сифат сертификатини олган Ўзбекистондаги биринчи давлат тиббиёт муассасаси бўлди.  Марказ ва унинг мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги 14 филиали Ўзбекистон Республикаси туғруққа кўмак тиббиёт муассасалари фаолиятининг методик бошқарувини амалга ошириб келмоқда. 

Юқори технологияли моддий ва илмий базани, шунингдек, юқори сифат даражасидаги ҳамда халқаро стандартларига жавоб берадиган ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишга қодир акушерлик ва гинекология мактабини шакллантириш  муассаса  олдида турган  вазифалардан саналади. 

Мутахассисларнинг малакасини  ошириш мақсадида мунтазам равишда энг яхши халқаро экспертлар иштирокида ўқув семинарлари, тренинглар ўтказилиб,  форум ва конференцияларда тажриба ва илғор технологиялар алмашинуви ташкил этилмоқда.

Юбилей санага бағишлаб «Акушерлик ва гинекологиянинг долзарб масалалари» мавзусида ўтказилаётган ҳозирги Халқаро илмий-амалий конференцияда 12 та хорижий давлатдан ташриф буюрган соҳа экспертлари ва Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан келган мутахассислар иштирок этмоқда.

«Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази» ДМ директори Наталья Надирханова форум иштирокчиларига мурожаат қилиб,  бугунги кунда Президентимиз  Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида она ва бола саломатлигини муҳофаза этиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича мунтазам равишда кенг миқёсли ва комплекс тадбирлар амалга оширилаётганини таъкидлади. 

Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази матбуот хизматидан олинган маълумотларга кўра,  конференция доирасида ялпи  ва шўъба йиғилишлари, илмий-амалий семинарлар ва маҳорат дарслари ўтказилиши  кўзда тутилган.

Конференция давомида Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Россиянинг иккита тиббиёт  муассасаси — «Академик В.И. Краснопольский номидаги акушерлик ва гинекология илмий-тадқиқот институти» МО ССДБМ ҳамда «Ҳудудий перинатал маркази» Калининград ДБМ билан ҳамкорлик битимларини имзолади.

Н. Усмонова тайёрлади,

                                      ЎзА