Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Она ва бола ҳимояси эътиборда
09:46 / 2026-01-18

Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамияти ҳамда ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Оналик ва болаликни ҳимоя қилиш” лойиҳаси доирасида республика шаҳар ва туманларда жамоатчилик ва аҳоли ўртасида маърифий мулоқотлар ўтказилмоқда.

Лойиҳа доирасидаги навбатдаги учрашув Бухоро вилояти Ғиждувон туманида жойлашган “Додарак” ва “Қумоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтди. Учрашувда маҳалла аҳолиси, хусусан, ҳомиладор аёллар ва уларнинг оила аъзолари фаол иштирок этди.

Тадбир давомида ҳомиладор аёлларнинг туғруққа қадар бўлган даврда шифокор назоратида бўлиши, белгиланган 8 та тиббий кўрикдан ўз вақтида ўтиши шартлиги алоҳида таъкидланди. Бу кўриклар она ва бола саломатлигини таъминлаш, асоратларни барвақт аниқлаш ҳамда соғлом бола дунёга келишида муҳим аҳамиятга эгалиги қайд этилди.

Шифокор-эксперт О.Ҳожиева томонидан ҳар бир тиббий кўрикнинг мақсади, унинг аҳамияти ва натижалари батафсил тушунтириб берилди. Мутахассис ҳомиладорлик даврида тўғри овқатланиш, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш ҳамда тиббий тавсияларга амал қилиш бўйича ҳам қимматли маслаҳатлар берди.

Учрашув якунида ҳомиладор аёллар ва уларнинг қайноналари томонидан берилган саволларга мутахассислар томонидан тўлиқ ва атрофлича жавоблар берилди. Бундай очиқ мулоқотлар аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш борасида жамиятда масъулиятни кучайтиришга хизмат қилмоқда.

Зариф Комилов, ЎзА