Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Она тилининг сўз бойлигидан фойдаланмаслик маънан қашшоқликка олиб боради
10:50 / 2020-10-21

Ўзбек тилининг Навоий бобомиз очиб берган гўзаллиги миллатимиз қалбига хос чиройни, сўз бойлиги эса маънавиятимиз хазинасини яққол ифода этади.


Ўзбек тилининг Навоий бобомиз очиб берган гўзаллиги миллатимиз қалбига хос чиройни, сўз бойлиги эса маънавиятимиз хазинасини яққол ифода этади. Шу боис она тилимизни қадрлаш туйғуси қонимизда, дилимиз тубида муқим.

Лекин замон ўзгаргани сайин тилимизда ҳам лисоний ҳодисалар содир бўлмоқда. Бу ижтимоий онгимизда содир бўлаётган ўзгаришлар билан боғлиқ, албатта. Ана шундай жараёнлардан бири бу она тилимизга хос катта бойликнинг кенг омма эътиборидан четда қолаётгани, десак муболаға бўлмайди.

Мисол тариқасида бир ҳолатни келтирайлик. Оммавий ахборот воситалари,интернет ресурслари тил манбалари ҳисобланади. Бироқ, агар эътибор берсак, кўп ҳолларда телевидение ёки радио орқали берилаётган материаллар, интернет сайтларидаги контент тили жуда жўн, ҳар бир тушунчага талайгина синонимлар бор бўлса ҳам, гоҳида бир хатбошида бир хил феъл ёки сифатни кўп бора такрорланганини кўрамиз.

Бунинг сабабини сўрасангиз “мазмун энг оддий ўқувчи, томошабин ёки тингловчига тушунарли бўлиши лозим”, деган жавобни эшитамиз.

Тўғри, оммавий ахборот воситалари ёки интернет ресурслар орқали етказилаётган маълумотлар кенг оммага тушунарли бўлиши керак. Лекин журналистлар, адабиётчилар ва умуман, она тилимиздан касб фаолиятида ҳар куни фодаланадиган одамлар оддий инсонлар даражасига тушиши эмас, балки уларнинг савиясини кўтариши лозим.

Агар биз фақат мана шундай “амалий” мақсадлар ортидан қувиб, она тилимиз сўз бойлигини ҳисобга олмай қўядиган бўлсак, халқимиз маънан қашшоқлашмайдими? Ахир аввало тил билан ишлайдиган, фаолияти айнан она тили билан боғлиқ бўлган инсонлар унинг бойлигини сақлаб қолиш ва асрлар давомида сайқал топган жилосини кенг оммага етказиши керак.

Ваҳоланки, ҳозир бу хайрли мақсадни амалга ошириш учун имкониятлар ҳар қачонгидан ҳам бисёр. Ахборот коммуникация технологиялари шу даражада кучлиги, улар жуда қисқа муддатда инсон онгини ё ижобий, ё салбий томонга ўзгартириб юбориши мумкин. Шундай экан, нима учун биз бу имкониятлардан самарали фойдаланмаймиз?

Афсуски, кўп ҳолларда бундай саволлар жавобсиз қолмоқда. Саводсизлик, луғат бойлигидан фойдаланмаслик, қўпол сўзларнинг кўплиги – бу жиҳатларни кундалик сўзлашув услубимизда қайд этмай, иложи йўқ. Афсуски, тилнинг ўзигагина нисбатан қандайдир чоралар қабул қилиш бу ҳолатда ёрдам бермайди. Токи биз ўзимиз эшитаётган нутқимизга нисбатан бефарқ бўлиб қолар эканмиз, тилимизнинг бебаҳо бойлигини сақлаб қолиш, унинг ривожини таъминлашга ҳисса қўша олмаймиз.

Она тилимиз тараққиёти билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишнинг энг самарали усули – унга бўлган муносабатни ўзгартириш, одамларда унинг бутун бойлигидан тўлиқ фойдаланишга иштиёқ уйғотиш ва шу орқали улар онгини мутлақо бошқа, юксак даражага кўтаришдан иборат.

Шу жиҳатдан мутолаа масаланинг энг яхши ечими эканлиги аниқ. Айнан шу боисдан давлатимиз раҳбари, янги Ўзбекистонни бапо этиш жараёнининг аввал бошиданоқ китоб ўқишни оммалаштириш мавзусини кўп бора кўтардилар, бу борада анчагина амалий чоралар ҳам кўрилди.

Тўғри, инсоният бошида турли синовли кунлар бор. Бу йилги пандемия ҳам бунга мисол бўла олади. Лекин мана шу имтиҳон ҳам шуни кўрсатдики, халқимиз ҳали ҳам бўлса одамийлик, меҳрибонлик, ўзаро ҳамжиҳатлик каби қадриятларини сақлаб қолган, улар ҳали ҳануз онгимизда, қалбимизда мустаҳкам.

Бу ҳам бўлса, аввало, она тилимиз, унга асрлар давомида шаклланган маънавиятимиз туфайли, десак муболаға бўлмас. Зеро, она алласи билан ҳаётимизга кириб келган, умримиз давомида йўлчи юлдуз, сўнмас қуёш бўлиб йўлимизни ёритиб келаётган тилимизни асраб авайласак, уни янада ривожлантирсак, ўзга юртларда фахр ила тарғиб қилсак, биз, аввало, маънавиятимизни сақлаб қолган бўламиз.

Бахтигул Бўтаева,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.