Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Она тилимизнинг янада шаффоф ривожланиши нималарга боғлиқ?
15:21 / 2023-10-20

Таҳлил ва таклиф

"Тилга ҳурмат – онага ҳурмат", "Тил бор – миллат бор...", деган тушунчани бугун қалбларга сингдириш муҳим бўлган замонда яшаяпмиз. Давлат бошқарувининг ҳар қандай бўғинларида, юртдошларимизнинг қаерда яшашидан қатъи назар, она тилимиз тараққиёти учун курашишимиз муҳимдир.

Бу борада эътибор қилишимиз, ислоҳ этишимиз лозим бўлган жиҳатлар ҳали талайгина. Шулар ҳақида Навоий давлат педагогика институти катта ўқитувчиси, филология фанлари номзоди, доцент Ўралбой ОРИПОВнинг фикрлари билан қизиқдик.

– Муҳташам «Конгресс-холл» саройида 2019 йилнинг 21 октябрь куни ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросимда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, "Она тилимиз – миллий маънавиятимизнинг битмас-туганмас булоғидир. Шундай экан, унга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас инсоний бурчимиздир", деб таъкидлаган эдилар. Шу боис она тилимизга оид манбаларни ўқиб ўрганиш, миллий тилимиз тараққиёти ва келажаги учун қайғурмоқ барчамизнинг энг муҳим вазифамиздир, – дейди Ўралбой Орипов. – Қолаверса, 21 октябрь санаси юртимизда «Ўзбек тили байрами» куни, деб белгиланди. Бу сана кенг нишонланмоқда. 

Бирлашган Миллатлар Ташкилотида икки маротаба давлатимиз раҳбарининг ўз она тилимизда қилган маърузалари бизга руҳ, она тилимизга эса янада ҳурмат туйғусини шакллантирди. Бу шунчаки, оддий гап эмас. Жаҳон минбарида баралла янграётган она тилимизни асрашимиз, унинг тараққиёти учун барчамиз бирдек ҳаракат қилмоғимиз лозим.

– Соҳа мутахассиси сифатида фуқароларимизнинг она тилига муносабати, эътибор қилиши лозим бўлган муҳим жиҳатларни нимада кўрасиз?

– Юртимизнинг кўпгина ҳудудларида она тилига муносабат, унинг оғзаки ва ёзма шаклларидан фойдаланиш даражасини қониқарли, дея олмаймиз. Шаҳарлардаги пешлавҳаларда, турли давлат ва хусусий ташкилотларга осилган эълонларда кўплаб имловий, пунктуацион, шу билан бирга, она тилимиздаги сўзларни ҳар хил ёзиш ва чет тилидан кирган сўзлар билан аралаштириб битиш ҳолатлари учрайди.

Масалан, Навоий шаҳрида жойлашган пишириқ дўконларидан бирида "Al-Jasur cake" деб ёзилганига кўзим тушган. Бу арабчами, ўзбекчами ё инглизчами, англаб бўлмайди. Турли дўконлар, аёллар ва эркаклар салон ҳамда сартарошхоналарига битилган – "Pinko shop Linza_navoi", "Matluba Woman boutique", “Marva" "Jadem premium boutique", “Renzo rinaldi milano", “SM margo boutique”, “incco Make the World in Your Hands ingco Navoi”, “Brandomaniya_uz boutique”, “Vestido”, “COSMOS TOUR”, “Beauty salon ideal”, “La sposa”, “White men boutique house”, “Joni”, “Romano botta” каби сўзларни деярли кўплаб шаҳарларимизда учратишимиз мумкин. 

Мана бу ҳолатда эса заргарлик ташкилотларидан бирига "Фонон биринчи заргарлик заводи" деб ном берилган. Бу ерда инглизча сўзнинг пастига ўзбекча сўзлар ёзилган. Аслида бу ерга ҳам бир тилга доир сўз ёзилиши керак. Аввало, ёзилган барча сўзлар ўзбек тилида бўлиши керак ва қонунга мувофиқ таржимаси бошқа тилларда берилиши мумкин.

Яна бир савдо дўконига “Hik vision red eye барча турдаги кузатув камeралари спасибо, что выбрали нас” деб ёзиб қўйилган. Бу ерда битта реклама ном учун уч хил тилдан фойдаланилган, аслида ҳаммасини ўзбек тили ва ёзувида битиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Инсонлар қалбида она тилига ҳурмат уйғотиш, тилни муқаддас билиб, уни камситмаслик учун бир қатор таклиф ва мулоҳазалар билдиришни лозим топдик.

Аввало, она тилимизни ҳурмат қилиш, давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатларига тўғри риоя этиш учун жамоатчилик назоратини кучайтириш, барча жабҳаларда давлат тилида иш юритиш, кенг мулоқот тили тарзида фойдаланишни ташкил этиш лозим. Шунингдек, таълим муассасалари, айниқса, умумтаълим мактабларида ўзбек тили (она тили) дарсларини гуруҳларга бўлган ҳолда ташкил этиш, имло қоидаларини бузганлик учун жазо белгилаш, суд-ҳуқуқ соҳасида давлат тили бўйича алоҳида назорат ўрнатиш бугунги ислоҳотларга янада камарбаста бўлар эди.

Эътибор қилишимиз лозим бўлган яна бир таклиф эса телевидение, радио ва бошқа оммавий ахборот воситаларидаги мутахассислар фаолиятининг давлат тилига мослигини назорат қилиш, ёзма нашрларнинг давлат тилига мослигини чуқур ўрганиш, спорт, туризм соҳасида ҳам давлат тилида иш юритиш, мулоқот қилишни кучайтириш, турли корхона ва ташкилотлардаги ёзувлар ва тилга муносабатни назоратга олишни муҳим жиҳат, деб биламан.

Бу каби жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилса, она тилимиз янада шаффоф ривожланади. Дунё миқёсига чиқиши жадаллашади. Она тилини ҳимоя қилиш она Ватанни ҳимоя қилиш билан баробардир. Ватанимизни ва она тилимизни асрайлик!

ЎзА мухбири

Абдулазиз Рустамов

суҳбатлашди.