Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 36 йил тўлди. Ушбу шукуҳли кунларда мамлакатимиз Президенти “Давлат тилини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Бу қарор Ўзбек тили байрамига муносиб туҳфа бўлди. Эътироф этиш керакки, халқимиз ва давлат тилининг барча жонкуярлари бу қарорни жуда катта қувонч билан кутиб олди.
Шу ўринда таъкидлаш жоиз, қарордаги бир норма баъзи юртдошларимиз томонидан нотўғри талқин қилиняпти. Хусусан, қарорнинг 100-бандида 2026 йил 1 январдан бошлаб республика даражасидаги давлат органлари ва хўжалик бирлашмаларининг марказий аппаратларида ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимликларида бошқарув ходимларининг белгиланган умумий чекланган сони доирасида раҳбарнинг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилсин, дейилади.
Шу ўринда бир нарсани тушуниш лозим. Бу банд янги лавозим жорий қилинаяпти, деган тушунчани бермаслиги керак. Яъни, давлат ташкилотларида давлат тили маслаҳатчиларининг расмий лавозим номи узунлиги боис “раҳбарнинг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси” деган жумла қисқариб, “раҳбарнинг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси” деб ўзгартирилди.
Иккинчидан, бу лавозим давлат бошқарув органларида ва ҳокимликларда илгари бор эди ва маъмурий ислоҳотлар пайтида айрим ташкилотлар ва муассасаларда қисқарган эди. Энди республика даражасидаги бошқарув органларининг барчасида маслаҳатчи лавозими жорий этилиши белгиланяпти. Чунки, республика ташкилотларида давлат тилининг ижроси бўйича ишлар кўнгилдагидек эмас эди. Ушбу сабабдан мазкур лавозим қайта жорий этилаяпти. Шунингдек, янги штатлар берилмайди, балки, ҳар бир ташкилот бу лавозимни ўзининг мавжуд чекланган штатлари доирасида жорий қилади. Ўйлайманки, қонун билан ҳимояланган ушбу қадам ҳам она тилимизнинг ғалабаси учун яна бир муҳим босқич. Ўзбек тили байрами доирасида бу қарорнинг ҳаётимизга татбиқ этилиши нур устига аъло нур бўлди!
Қарорга 2026 йилнинг 1 июнига қадар кўп жилдли "Ўзбекистон миллий қомуси"ни тайёрлаш ва эълон қилиш бўйича норматив ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш, 2026 йилнинг 1 декабрига қадар эса "Она тили. Қомус" китобини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш масаласи киритилганини кўриб жуда хурсанд бўлдим.
Ёки давлат тилининг ахборот технологиялари ва коммуникацияларига фаол интеграциялашувини таъминлаш борасида Рақамли технологиялар вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Фанлар академияси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2026 йил 1 майга қадар ўзбек тилини сунъий интеллект ёрдамида қўллаб қувватлашга хизмат қиладиган платформа ишлаб чиқиш бўйича ҳам норматив ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаб, Вазирлар Маҳкамасига киритиши белгилангани ҳам бугунги техника асрида жуда муваффақиятли жараёнларга сабаб бўлишига ишонаман. Она тилимизнинг нуфузи янада юксалаверсин. Бу жараёнда бўлаётган ижобий ўзгаришларни эса шу миллатнинг бир фарзанди ва мутассади вакили сифатида чексиз олқишлайман.
Акмалжон Рўзитоев,
Тошкент шаҳар ҳокимининг
Маънавият ва давлат тили масалалари
бўйича маслаҳатчиси
ЎзА