Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Она тилимизнинг нуфузи ва мавқеини кўтариш ҳар биримизнинг вазифамиздир
20:10 / 2024-10-21

Мамлакатимизда она тилимизга мустақиллик берилганига бу йил роппа-роса 35 йил тўлади. Бу давр мобайнида ҳукумат миқёсида бир қанча қарорлар қабул қилинди, Президент фармонлари эълон қилинди, шу аснода талайгина ишлар амалга оширилди. Жумладан, Президентимиз томонидан 2019 йилнинг 21 октябрида эълон қилинган “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон эътиборга лойиқ. Унда миллатнинг миллат эканининг энг устувор тимсоли – она тилимиз ҳақида сўз боради. Она тилимизнинг нуфузи – бу унинг обрў-эътибори дегани, мавқеи эса муайян шароитда ва ҳолатда она тилимизнинг юқори мартабага, эътиборга сазовор бўлиши эканлиги акс этган.

Тил мулоқотда яшайди, у кишилар ўртасидаги алоқа воситаси саналади. Демак, тилимизнинг аниқ, тушунарли, жарангдор, таъсирчан ва соф бўлиши ҳаммамизга боғлиқ экан. Агар ҳар бир фуқаро она тилимиздаги сўзларни тўғри талаффуз қилса, тил бирликларини ўз ўрнида самарали ишлатса, ҳар хил ўзлаштирилмаган ёт сўзларнинг нутқимиздан ўрин олишига йўл қўймаса ва энг асосийси, бой тилимизнинг мавжуд сўзларидан унумли фойдаланса, тилимиз нуфузини ҳамда мавқеини оширишга ҳисса қўшган бўлади. 

Тилимизнинг мавқеини ошириш учун ҳар бир миллатдошимиз камарбаста бўлиши, она тилимизни ҳимоя қилиши, асраб-авайлашигина эмас, уни такомилига етказишга, энг бой, жозибадор, таъсирли тиллар сирасига киришга, умрбоқийлигини таъминлашга ҳисса қўшиши керак. Она тилимизнинг нуфузи ва мавқеини кўтариш ҳар биримизнинг вазифамиз, бурчимиздир. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йилнинг 20 октябрдаги “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида “2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш  ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси” эълон қилинди. Унга кўра, давлат тили сифатида ўзбек тилини ўрганиш учун шарт-шароитлар яратиш, ўзбек тили ва тил сиёсатини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари, устувор йўналишлари ҳамда йўл харитасини тузиш масалалари белгилаб олинди. Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилди ва кенг қамровда фаолият олиб бормоқда. 

Шундай бўлса-да, ҳали олдимизда тилимизнинг нуфузи ва мавқеини ошириш, софлигини таъминлаш, лотин ёзувига оммавий ўтиш, мукаммал ўзбек-лотин алифбосини яратиш бўйича қилишимиз зарур бўлган ишлар талайгина. Бу борада олимлар, зиёлилар ташаббус кўрсатиши керак. 

Оила тили – она тилимизнинг пойдевори

Маълумки,  бола мактабга нутқий кўникма ва гапирув малакаси билан келади. Унда оилада тўплаган сўз захираси, муайян шева асосида сўзлаш, сўзларни талаффуз қилиш “малакаси” шаклланган бўлади. Шунинг учун хориж давлатларидаги каби бизда ҳам она тилига ўргатишда “Оила тили” бирламчи бўлиши керак: ҳар қандай бола илк “лисоний сабоқ”ларни оила муҳитида олар экан, демак, фарзандлари нутқининг соф бўлишида, уларнинг сўзларни тўғри талаффуз қилишида ота-онанинг роли катта бўлади. Ахир биз ўзимиз болаларимизга “нанна” (нон), “қаққа”  (қант), “ашша” (овқат), “бибип, дидит” (машина), “баба”(қўй), “бобов”(ит) деган “эрка” сўзларни ўргатамиз, шунингдек, бизнинг нутқимиздан андоза олиб (Андижонда) “аши” (ана шу), “маши” (мана шу), “ашер, ашет” (ўша ер) деган болакай “она сўзи”дан бир умр қутула олмаяпти, йиллар давомида бу каби сўзлар андижонликларнинг нутқий атрибутига айланиб қолади.

Оиладаги она тилимизнинг илк “муаллим”ининг билим даражаси, дунёқараши, сўз захирасининг бойлиги, унинг эмоционал-руҳий таъсирчанлиги, гапириш йўсинлари, мимик-ишоравий ҳолатлари ўқувчига – фарзандга сингади. Оиланинг бошқа аъзолари (ота, акалар, опалар ва б.) таъсирида боланинг тили шакллана бошлайди ва бу давр тилини инсон тили учун пойдевор бўлган – оила тили десак, тўғри бўлади. 

 Ахир бола идрок этиши, тафаккур қилиши, фикрлаши, ташқи ахборотни қабул қилиши, уни қайта ишлаши, мантиқий фикрлаши, мос равишда акс таъсир кўрсатиши керак, юзда характерни кўрсатадиган жиҳатлар (мимика, поза, ишора, дикция, сукут ва бошқалар) биринчи навбатда оилада шаклланади, сўнг ижтимоий ҳаётда намоён бўлади. Профессор Н.Маҳмудовнинг таъбирича, “ҳар қандай тарбиянинг, айниқса, тил, маънавий комиллик, миллий ўзлик тарбиясининг бош ва бетакрор ўчоғи болани доимий ўраб турган ижтимоий муҳит, хусусан, оиладир”. 

Демак, мамлакатимизда она тилининг мавқеи ва нуфузини оширишнинг тамал тоши оилада қўйилар экан, бунда ота-онага фарзандининг нутқий такомилида масъуллиги таъкидланиши лозим. Керак бўлса, болага оилада адабий норма сингдирилиши керак, ота-оналар учун услубий қўлланма тайёрланиб тарқатилиши мақсадга мувофиқ.

Тилни ғарблаштириш – ғариблаштиришдир

Ҳар хил тоифадаги одамларнинг мулоқотини эшитамиз. Агар уларнинг диалогидан огоҳ бўлсангиз, тилимизнинг амалиёти қанчалар ғариб эканига гувоҳ бўласиз. Шевага муккасидан кетиш, ноадабий қатлам лексикасидан фойдаланиш, паразит (ўринсиз қайтариқ) сўзларни ишлатиш, варвар (бошқа тилнинг ўзлашмаган сўзи) сўзларни қўллаш, дағал, қўпол, сўкиш сўзлар билан тилимизни булғаш каби ҳолатларни кундалик мулоқотда тез-тез учратиб туришимиз табиий. 

Айниқса, тилимизнинг ғариблашувида энг аввало ғарбга тақлид, ғарбона маданиятга эргашув ва унинг натижасида ғарб тили сўзларидан фойдаланиш ётади. Яъни она тилимизда бир қанча синонимлари (маънодошлари) бўлса-да, бошқа тилнинг ўзлашмаган сўзларидан худди ўзимизникидай фойдаланамиз. Биз ёшлигидан болаларга бош кийимни “шапка”, уйда кийиладиган енгил оёқ кийимини “тапочка”, шифокорни “духтир”, касалхонани “больница” деб ўргатиб қўямиз ва улар тилларининг варварлашишига ёрдам берамиз. “Шапкангни кийиб ол”, “Шапканг қани?” деб турганимизда, бола бошидаги кийими тумоқми, қалпоқми, телпакми, дўппими эканини билмай ўсади.

“Шиппак” эса нафақат болалар, балки катталар учун ҳам тапочкага айланиб бўлган. Кўриниб турибдики, бола нутқининг бузилиши оиладан, оила нутқ муҳитидан экан. 

Маълумки, “этик” деган сўз замирида аскарлар, қишлоқ хўжалик ходимлари, деҳқонлар киядиган пойабзал тушунилади. “Нозиктаъб” одамларимиз ушбу сўзни ишлатишга ор қилиб, унинг рус тилидаги муқобилини қўллайдилар ва натижада этик “сапог”га айланиб қолди.

Оммавийлашув (глобаллашув) жараёни барча жабҳада ўзининг мавқеини намойиш этиши давомида тилимизга ҳам ҳамла қилиб ўзга тиллардаги сўз ва атамаларни она тилимизга сўроқсиз равишда варварларча бостириб киришига йўл қўйиб бермоқда. Тўғри, янгилик, янги тушунча, янги ном, янги атама билан ифода этилади. Қачонки, иккинчи тилда унинг муқобили бўлмаса ёки у расмий жиҳатдан ўзлаштирилган бўлса.

Кейинги пайтда кўчаларда “мойка” деган ёзув ниҳоятда кўпайиб кетди. Бу сўз рус тилидан олинган бўлиб, ҳали ўзбек тилига ўзлашмаган. Машина ювиш жойини билдирадиган ушбу реклама сўз фаоллашиб, ҳозирда ўзбек тили гап структурасига ҳам кириб келмоқда: “Мойка қилишим керак”, “Мойка қилдиришим керак” каби. Ахир бу жараённи ўзбекча ифодаласа бўлади-ку: “Ювишим керак” ёки “ювдиришим керак” дейиш мумкинмасмикин?  Яна “Само мойка” ёзуви пайдо бўлмоқдаки, наҳотки шуни ўзбекча ёзиш мумкин бўлмаса ёки ўзбек тилида ёзилса, одамлар тушунмасмикин. Андижон – Тошкент автомобиль йўлининг Фарғона ҳудудида йўл бўйида “Ювинг”, “Ювдиринг” деган реклама-ёзувларни кўриб хурсанд бўлдик.

Оғзаки нутқдаги пала-партиш ишлатилган чет тилининг ўзлашмаган сўзлари мулоқотимизда мустаҳкам ўрин олиб, одатий ҳолга айланиб бормоқда. Она тилимизнинг шаффофлигига кўча тилининг, эътиборсиз ёндашилган мулоқот тилининг, катта салбий таъсири кузатилмоқда.

Мисол учун “разворот қилмоқ” деган жумла ўрнига “қайрилмоқ” деган сўзни ишлатиш мумкин. “Остановка” деган узун сўз ўрнига ўзбек тилида “бекат”деган қисқагина сўз бор. “Медсестра” сўзи эса “ҳамшира” сўзи билан алмаштирилса, ҳам жарангдор, ҳам қулаймасми? Бунга ўхшаш мисоллар жуда ҳам кўп.

Кўриниб турибдики, она тилимизни соф сақлаш, унинг жозибадор ва таъсирчанлигини таъминлаш ўзимизга боғлиқ. Энг аввало, ўзимиз она тилимизни “ўрганиб олишимиз” керак бўлади. Ундан кейингина бошқаларга ўргатишимиз даркор. Бўлмаса, биз қандай қилиб ўзбек тилини ардоқлашни уқтира оламиз? 

Тўғри, ҳукуматимиз, турли мутасадди ташкилотлар, зиёлилар, тилшунос олимлар, фаол фуқаролик позициясидаги инсонлар, миллатпарвар шахслар томонидан муаммоларни бартараф қилиш бўйича ишлар қилинмоқда. Лекин бу борадаги ишлар энг қуйи  қатламга, яъни тилимизнинг эгалари бўлмиш ундан фойдаланувчиларга етиб бормаяпти, тил амалиётида ўз ифодасини топмаяпти.

Оилаларда, ташкилотларда, муассасаларда, маҳаллаларда, бозор ва кўча-кўйда – ҳамма жойда она тилимизнинг нутқий бузилишини кузатишимиз мумкин. Бу нуқсон эса катталардан кичикларга ўтиб “мулоқот тили”га айланяпти ва тилимиз вайрон бўляпти.

“Боғлар” парк, “кўприк” мост, “тери” кожа, “омбор” хранилиша, “ҳаммом” баня, “довон” перевал,  “пакка” питак  бўлиб кетган.

Худди шунингдек, “йиғилиш раиси” ни модератор деб аташни маъқул кўряпмиз, йиғилиш орасида ўзбекона “бир пиёла чой” эса “кофе брейк” деб айтилмоқда. Бу каби тилимизни ғарблаштириш сиёсати уни ғариблаштиришга олиб келмоқда. 

Агар ҳар биримиз ўз нутқимизни соф сақлайдиган бўлсак, она тилимиз тараққий этади, комиллик сари йўналган бўлади. 

Маъмуржон Саидхонов, 

Андижон давлат университети доценти, филология фанлари доктори.

ЎзА