Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Она тилимизнинг келажаги ўзимизга боғлиқ
21:06 / 2020-12-30

Тил – миллат руҳиятининг бетакрор кўзгуси, миллат тафаккурининг ўзига хос инъикоси сифатида жамият ҳаётида муҳим ўрин тутади. Айниқса, глобаллашув жараёнлари шиддатли тус олган ҳозирги даврда миллий тилларнинг тақдири масаласи дунё халқлари олдида кўндаланг бўлиб қолди.

Пойтахтимизда “Ўзбек тили мавқеини кўтариш, жозибадорлигини ошириш ва уни турли хуружлардан ҳимоя қилиш борасида белгиланган чора-тадбирлар” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.

Дунёдаги барча халқлар ўзининг миллий расмий тилига эга, деб айтолмаймиз. Чунки бу халқнинг миллий мустақиллиги билан боғлиқ. Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда ҳар икки ҳафтада битта тил йўқолиб бормоқда.

ЮНЕСКО вакилларининг сўзларига қараганда, қачонлардир одамлар сўзлашадиган тилларнинг сони 7 мингдан 8 мингтагача етган бўлса, бугунги кунда сайёрамизда 6 мингта тил мавжуд бўлиб, уларнинг 90 фоизи йўқолиб кетиш арафасида.

Мазкур рақамлардан кўринадики, ҳар бир миллат ёки халқ ўз она тилининг ривожи учун амалий ҳаракат қилмаса, вақт ўтиб ўша миллат ўз она тилини йўқотиши мумкин.Мамлакатимизда она тилимизни бойитиш, унинг нуфузини ошириш йўлида салмоқли ишлар олиб борилмоқда.

Шу жиҳатдан бугун юртимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элатларнинг маданияти, урф-одатларини, хусусан, уларнинг она тилларини ривожлантириш учун ҳам зарур шароитлар яратилмоқда. Турли ҳудудларда ташкил этилган 140 га яқин миллий маданият маркази ана шу мақсадларга хизмат қилмоқда. Кўплаб таълим-тарбия масканлари, оммавий ахборот воситалари ўзбек тили билан бирга, қорақалпоқ, рус, қозоқ, қирғиз, тожик, туркман тилларида фаолият кўрсатмоқда. Хорижий тилларга ихтисослашган ҳамда таълим чет тилларида олиб бориладиган таълим муассасалари сони ошиб бормоқда.

Аҳамиятлиси, бугунги кунда хорижий давлатлардаги 65 та олий ўқув юртида ўзбек тили ва адабиёти ўрганилмоқда, ушбу соҳада илмий изланиш ва тадқиқотлар олиб бораётган чет эллик олимлар сафи тобора кенгаймоқда. Давлатимиз раҳбарининг Ўзбек тили байрами муносабати билан халқимизга йўллаган табриклари ўзбек тили ва адабиётини, миллий маданиятимизни янада равнақ топтиришга қаратилган амалий ҳаракатлар билан уйғун ва ҳамоҳангдир.

– Тил бениҳоя муқаддас ва мўътабар неъмат, у инсон деган мавжудотни шакллантирган, тараққиёт босқичларига олиб чиққан, руҳий комилликка бошлаган, ижтимоий муносабатларга йўл кўрсатган, тафаккур қулфларини ечган, илм йўлида маёқ, зулматларда чироқ бўлган сеҳрли бир жило,– дейди филология фанлари доктори, профессор Абдулҳай Собиров. – Шунинг учун ҳам тилга ҳурматсизлик, инсониятнинг ўзига бўлган беҳурматлигидир. Бежиз эмаски, халқимиз тилга, хусусан, ўзининг она тилига мунтазам муҳаббат билан эътиборда бўлган, уни эъзозлаб ардоқлаган, ўзбек тилининг мукаммаллиги ва бетакрорлигидан фахр-у ифтихор қилган.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА